ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан:
- 2025 йил 1 майдан 2027 йилнинг 1 апрелига қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ва “Камбағал оилалар реестри”га киритилган ҳамда мол мулки бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, бироқ оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга.
Электр энергияси ва табиий газни базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли учун комренсация жорий этилди:
Кимларга компенсация берилади?
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар;
– “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар;
– Реестрларга киритилмаган, мол-мулки бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, бироқ оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилалар;
Қанча миқдорда компенсация берилади?
электр энергияси истеъмоли учун – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
табиий газ истеъмоли учун:
– иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача;
– бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми компенсация қилиб берилади.
Маълумот учун: Бунда, баъзавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган қисмнинг тўлиқ суммаси эмас, базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилинади.
Мисол учун: рўйхатга киритилган оила иситиш мавсумида бир ойда 750 куб метр газ истеъмол қилди. Бунда 500 куб метр ижтимоий норма учун ҳар куб метрига 1000 сўмдан тўлайди. Қолган 250 куб метр учун ҳар куб метрига 1800 сўмдан тўлаши керак. Давлат томонидан шу 250 куб метрнинг ҳар куб метрига 800 сўмдан (1800-1000) давлат томонидан компенсация қилиб берилади.
Компенсация олиш учун қайерга мурожаат қилиш керак?
Ҳар ойнинг 15-санасига қадар:
– “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилади.
Бунда, аризада паспорт маълумотлари, абонент рақами ва телефон рақами кўрсатилади.
Маълумот учун: Компенсация олувчи оилаларнинг мезонларга мослиги ҳар ойда автоматик ўрганилиб, мезонларга мос келган тақдирда кейинги ойлар учун алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда компенсация тўлови давом эттирилади.
Компенсация қачон тўланади?
Ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасига қадар АТ “Халқ банки” томонидан очилган банк пластик картаси орқали тўлаб беради.
Маълумот учун: Агар ариза берувчининг номида банк пластик картаси мавжуд бўлмаса, АТ “Халқ банки”да унинг оила аъзолари номига очилган банк пластик картасига тўлаб берилиши мумкин.
Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам жорий этилди:
Кимларга бир марталик моддий ёрдам берилади?
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар;
– “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар;
– “Маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрларга киритилмаган, бироқ камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилалар.
“Маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча рўйхат қанйдай шакллантирилади?
1. “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари 1 сентябрга қадар реестрларга кирган оилалар рўйхатини шакллантиради ва Маҳаллалар уюшмаси туман (шаҳар) бўлимлари орқали “маҳалла еттилиги”га етказади;
2. “Маҳалла еттилиги” 1 октябрга қадар Реестрларга кирмаган қўшимча рўйхатини шакллантиради ва Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади.
Қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда қуйидаги оилалар инобатга олинади:
– боқувчисини йўқотган оилалар,
– аъзолари I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар;
– ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар;
– узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар,
– ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар;
– уч ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ таъминоти бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар.
Маълумот учун: Қўшимча рўйхатда Реестрларга киритилган оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги керак
3. Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими қўшимча рўйхатини умумлаштиради ва 5 октябрга қадар ўрганиб чиқиш учун “Инсон” ижтимоий хизмат марказларига тақдим этади.
4. “Инсон” ижтимоий хизмат марказлари қўшимча рўйхатини 20 октябрга қадар “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали текшириб чиқади ва натижаси бўйича Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади.
5. Маҳаллалар уюшмасининг туман (шаҳар) бўлими якуний рўйхатни 25 октябрга қадар туман (шаҳар) ҳокимлигига тасдиқлатиб “Инсон” ижтимоий хизмат марказига тақдим этади.
6. “Инсон” ижтимоий хизмат маркази 1 ноябрга қадар умумий рўйхатини шакллантиради.
Бир марталик моддий ёрдам қачон ва қанча миқдорда тўланади?
2025 йилнинг ноябрь ойида 1 миллион сўмдан тўлаб беради.
