Шаҳримизнинг  МФЙ лари еттилиги учун  “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан ўтказиладиган  ҳашар, қолаверса, уларнинг кунлик вазифалари акс эттирилган “Маҳалла еттилиги” фаолияти белгилаб берилган.

Бироқ, менимча, бу вазифани кўпчилик МФЙ раислари ҳали тушуниб етмаганга  ўхшайди.

Шаҳарнинг “Ғарбмачит” МФЙ  ҳудуди бўлган Давлатобод кўчасида ҳеч қандай “ободлик” сезилмайди. Кўчанинг ҳар иккала томонидаги дарахтлар оқланмаган, ариқлар атрофини бегона ўт босиб кетган ва ариқ ичи ахлатга тўла.

“Ғарбмачит” МФЙ, қисман  “Меҳржон”, “Баҳористон” МФЙ лари ҳудудидан ўтадиган Фаробий номли  асосий кўчада ҳам юқоридаги аҳвол. Йўлнинг тротуар қисми қурилиш ахлатлари ва қўмли тош билан тўсиб қўйилган. Шу кўчадаги бир дўкон эгасига

-Нега дўконингиз ёнидаги ягона дарахтни оқлаб қўймадингиз ва бир парча ерни ағдариб, гул экмадингиз? Дейилганда, -Ҳали улгурамиз, деб жавоб бердилар.

“Гўзалкент” МФЙ гузарига кириб бордик. Унда якка маҳалла раисини учратдик. Раисга ҳали ҳашарни бошламабсизлар, хатто гузар ҳудудидаги дарахтларга оқ тегмаган, ер ағдарилмаган, деган савол билан мурожаат қилсак,  у ҳозирча йўлни супурдик, кейин ҳашарчилар тушлик қилгани кетган деган рўза-рамазон ойига ярашмагаган жавобни берди…

Кейинги манзилимиз “Сиплон” МФЙ да жойлашган “Азизхўжа” қабристони бўлди.

Бу даргоҳда ҳеч бир ҳашарчини  учратмаган бўлсак-да атроф тоза қилиб суприлган. Қабрлар аро йўлаклар покиза, дарахтлар парвариш қилинган.

            Ортга Алишер Навоий кўчасидан қайтдик.  Масалан   5-сон мактабда ҳашар ўтказилгани кўриниб турибди.Мактабнинг кириш қисмига Наврўзга оид баннерлар илинган ва гуллар билан безатилган.Мактаб қаршисидаги 24-сон МТТда ҳам иш кетяпти. “Зомин” маҳалласида ҳам шанбалик ўтказилгани сезилиб турибди.

          Умуман олганда мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг деярли барчаси эпақага келтирилган ва Наврўз нафаси сезилиб турибди.

             Ўзбекистон кўчасининг “Зиёлилар” . “Хайдарчаман” , “Зарифобод” маҳаллалари жойлашган қисмида шанбалик бўлгани билиниб турибди. Кеча ўзгариш бўлмаган Почта биноси олдидаги ер ағдарилган, Тиббиёт бирлашмаси дарвозасига Давлат байроғи илиниб, Наврўз байрами ҳақидаги баннер пайдо бўлибди. Марказий поликлиника ходимлари ҳали байрам шукуҳини сезмаганга ўхшайди, яъни ҳеч қандай ўзгаришсиз кўринишда.

Тоҳир Ҳамидов,  “Каттақўрғон тонги”.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan