ҚОҒОЗДАГИ БИНО, ҲАҚИҚИЙ САВОЛЛАР: ЁТОҚХОНА ҚУРИЛИШИДАГИ МИЛЛИАРДЛАР
Бинонинг деворлари ғиштдан кўтарилади, аммо унинг мустаҳкамлиги ҳужжатлардаги имзо ва ҳисоб-китобларнинг ҳалоллигига ҳам боғлиқ. Талабалар учун барпо этилаётган маскан кимларнингдир шахсий манфаати йўлидаги воситага айланса, бу нафақат қонунга, балки ёшлар келажагига ҳам хиёнатдир.
Талабалар учун мўлжалланган 500 ўринли турар жой қурилишида аниқланган ҳолатлар қурилиш соҳасидаги масъулият ва ҳалоллик масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Суд ҳукмида қайд этилишича, пудратчи қурилиш хусусий корхонаси раҳбари Ш. А. ва техник назоратчи Ж. А. бажарилмаган қурилиш ишларини ҳужжатларда бажарилган деб кўрсатиш ҳамда расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятларда айбли деб топилган.
Назорат ўлчовлари давомида 5 миллиард 899 миллион 205 минг сўмлик қурилиш ишлари бажарилмагани ёки тўлиқ амалга оширилмагани аниқланган. Бу шунчаки рақам эмас — давлат маблағи, жамият ишончи ва талабалар учун яратилиши лозим бўлган шароитлар билан боғлиқ жиддий масала.
Албатта ҳар қандай жиноят учун жазо муқаррар. Суд ҳукмига кўра, корхона раҳбари Ш. А.га 51 миллион сўм, техник назоратчи Ж. А.га эса 34 миллион сўм жарима тайинланди. Техник назоратчи қўшимча равишда бир йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Бу ҳолат бир ҳақиқатни эслатади: қурилишдаги ҳар бир имзо, ҳар бир ҳисоб-китоб ва ҳар бир сўм учун масъулият бор. Қоғозда битган бино эмас, амалда барпо этилган иншоотгина халқ ишончига муносиб бўла олади.
Шерали АЗИЗОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси Каттақўрғон шаҳар бўлими бошлиғи









