Муносабат
Ислохотлар марказида – Янги Ўзбекистонда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар.
30 июн – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда Президент Шавкат Мирзийоэв нутқ сўзлаб, қуйидагиларни таъкидлади: «Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз». Президентимизнинг ёшларга бўлган ишончи Янги Ўзбекистонда ёш авлоднинг жамиятдаги ўрни ва келажакни яратишдаги аҳамиятига берилаётган юксак баҳо ҳисобланилади.
Айниқса, ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар ўз самарасини бермоқда. Бунга аниқ мисол сифатида олий таълим соҳасида эришилган натижаларни келтириш мумкин. 2024 йили Ўзбекистон ёшлари “ТОП-500” талик жаҳон университетларига кириш бўйича Марказий Осиё минтақасида биринчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда 30 нафар ёш ватандошимиз дунёдаги энг нуфузли “ТОП-10” олийгоҳларда, 500 нафардан ортиғи “ТОП-100”да, 1 500 нафар ёш эса “ТОП-300” университетларда таҳсил олмоқда. Бу Ўзбекистон ёшларининг интеллектуал салоҳияти, глобал рақобатбардошлиги ва давлат томонидан кўрсатилаётган тизимли қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси ҳисобланилади.
Таъкидланганидек, стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизим яратилиб, уларни молиялаштиришга 145 миллион доллар венчур сармоя киритилди. Энди бу маблағ 1 миллиард долларга етказилади. Мактабларда ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант йўналтирилади. Олийгоҳлар ўртасида ҳам стартаплар бўйича ҳар йили “Энг яхши креатив ғоя” танлови ўтказилиб, ғолибларга олийгоҳ жамғармасидан 300 миллион сўмгача грант берилади. Бу ташаббуслар ёшларни илмий-техник ижодкорликка, инновацион фикрлашга ва мустақил тадбиркорликка кенг жалб этишга хизмат қилади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати миллий тараққиётнинг стратегик устувор йўналиши сифатида изчил амалга оширилмоқда. Президент Ш.Мирзийоэв бошчилигида ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касбга эга бўлиши, инновацион ташаббусларини рўёбга чиқариши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратилмоқда.
Бу борада жойлардаги барча халқ вакиллари, шу жумладан, биз, депутатлар ҳам, ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий ижросини таъминлашимиз шарт.
Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар
Кенгаши депутати Носиров Жамшид Мамаджонович.