ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВАНИНГ 27 ИЮНь – МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ҳурматли матбуот ходимлари, журналистлар!
Барчангизни касб байрамингиз 27 июнь – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” билан самимий муборакбод этаман. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларни оммага ёритиш орқали фуқаролар қалбида эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш йўлида самарали хизмат қилаётган, ўзининг профессионал касбини садоқат билан адо этаётган Сиз соҳа фидойиларининг хизматларингизни қадрлаймиз.
Албатта, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг зиммасидаги бу борадаги вазифа масъулиятли ва машаққатлидир. Бугун юртимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган бир вақтда ушбу масъулиятни дилдан ҳис қилган ҳолда юртимиз осойишталиги, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар мазмун – моҳиятини халқимиз эътиборига етказиб бераётганингиз юксак эътирофга лойиқ.
Шу ўринда шаҳримиз оммавий ахборот воситалари ҳамда матбуот соҳаси вакилларининг ҳам бу борадаги фаолиятларини эътироф этиш жоиз. Улар ўзларнинг самарали меҳнатлари ва ташаббускорликлари билан шаҳримизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид янгиликлар, долзарб ва танқидий руҳдаги мақолалар, тезкор хабарларни ҳамшаҳарларимизга етказиб келмоқдалар. Шу жиҳатдан, бугун шаҳар матбуоти ва оммавий ахборот воситаларида хизмат қилаётган журналистларимизни зиммасидаги масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этаяптилар,- деб айта оламан.
Шаҳримизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш йўлидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда самарали меҳнат қилаётган Оммавий ахборот воситалари ходимларига, журналистларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Яна бир бор Сиз азизларни касб байрамингиз билан самимий муборакбод этаман. Сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ҳамда янги ижодий ютуқлар ва баркамоллик тилайман.