Дастлаб порахўрлик тушунчаси келиб чиқиши ва оммалашиб бориши тарихдан кишида мойиллик (хоҳиш) уйғотиш учун совға бериш одатига бориб тақалади. Ўз-ўзидан қимматбаҳо, яъни қиймати юқори бўлган совға одамни бошқалар орасидан ажратиб кўрсатиб, пора берувчининг манфаати йўлида унинг илтимоси бажарилишига хизмат қилган. Шу сабабли ибтидоий жамиятларда коҳин ёки қабила бошлиғига тўлов бериш одат, анъана тусига кириб қолган.

Бежизга Қуърони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган.

Порахўрлик жиноятлари Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида алоҳида аҳамият касб этишини аҳолининг давлат хизматчиларига нисбатан ишончини сусайтириб юборадиган, жамиятнинг иқтисодий негизларига зарар етказадиган ва энг асосийси инсон ҳуқуқларининг поймол бўлишига олиб келадиган ижтимоий хавфли қилмиш эканлиги билан баҳолашимиз мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “коррупциянинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”.

Ҳақиқатдан ҳам, коррупциявий жиноятлар давлатнинг ривожланишига тўсқинлик қилиб, халқнинг давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради.

Порахўрлик жиноятлари тушунчаси порахўрлик билан боғлиқ ҳолда содир этиладиган ҳар қандай жиноятларни қамраб олади. Шунга кўра, ушбу турдаги жиноятларни билиш орқали порахўрлик жиноятлари тушунчаси англашилади. Масалан, пора олиш, пора бериш, пора олиш ва беришда воситачилик қилиш, хусусий сектордаги пора ва ҳоказолар умумий порахўрлик жиноятари тушунчасини келтириб чиқаради.

Порахўрликка оид жиноятларнинг ижтимоий хавфлилиги мансабдор шахслар томонидан ўзларининг мансаб ваколатларини ижро этишнинг ўрнатилган тартибини кескин ўзгартириш ва бу билан давлат манфаатларини қўпол равишда бузишда кўринади. Порахўрлик коррупциянинг асосий кўринишларидан бири бўлиб, ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган ва унга нисбатан ишончни сусайтирадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган хавфли жиноий ҳодиса ҳисобланади.

Миллий қонунчилигимизда порахўрликка оид жиноятлар ва улар учун жавобгарлик масалалари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (1929 – 19210 -, ва 210-214-моддалари) тегишли моддаларида белгилаб қўйилган.

Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам қўйидаги 611-модда “Нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш” ҳуқуқбузарлиги киритилган.

Афсуски, порахўрлик каби жиноий қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилиши ушбу ҳаракатларни содир этган шахснинг жавобгарликдан қўрқув ҳиссининг камайишига сабаб бўлиши табиий.

Пора олиш — мансабдор шахснинг пора берувчининг манфаатларини кўзлаб муайян ҳаракатларни содир этганлик учун ғайриқонуний ҳақ олишидир.

Порахўрлик жинояти учун жавобгарликни белгилашдаги муаммолардан яна бири бу пора предмети ҳисобланади. Миллий қонунчилигимизда порахўрликка оид жиноятлар содир этилиши пора берувчининг пора олувчини мулкий, яъни моддий манфаатдор этиши орқали содир этилиши назарда тутилган. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1999 йил 24 сентябрдаги “Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 19-сонли қарорининг 2-бандига мувофиқ “пул, қимматбаҳо қоғозлар, моддий бойликлар, шунингдек, пора оладиганга қайтармаслик шарти билан, лекин мулкий моҳиятга молик бўлган (масалан, таъмирлаш, қурилиш, қайта тиклаш ишларини бажариш ва бошқалар) хизматлар пора предмети бўлиши мумкин.” Пора олувчининг нафақат мулкий манфаатдор бўлиши балки, унинг номулкий кўринишдаги наф олиши ҳам порахўрлик сифатида баҳоланиши лозим. Мазкур соҳага оид халқаро стандартлар ҳамда хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар қандай кўринишдаги ноқонуний афзаллик (номоддий қимматликлар ва номулкий манфаатдорлик) порахўрлик жинояти предмети бўла олишини кўришимиз мумкин. Номулкий наф – шахснинг мулкий ҳолатини яхшилашга (ошириш) қаратилмаган, унинг шахсий (кундалик) эҳтиёжларни қондиришга йўналтирилган, ҳар қандай кўринишдаги моддий тусга эга бўлмаган хизматлар (мансабни ошириш, шоҳона овқатланиш, массаж ва сауна хизматлари, спорт ўйинлари ва бошқа кўргилочар тадбирларга текинга кириш, чет элда дам олиш ва бошқалар).

Порахўрликка оид хатти-ҳаракатларни камайтириш ва олдини олиш учун унга нисбатан қатъи чоралар кўрилиши зарурлиги сабабли ушбу жиноятни содир этганлик учун жазо чораларининг муқаррарлигини таъминлаш лозим.

Порахўрликка оид жиноятлар ўзининг хавфлилик даражаси билан шахс, давлат ва жамият манфаатларига сезиларли даражада зарар келтирадиган қилмиш ҳисобланади. Шунга кўра. ушбу турдаги жиноятлар ўзининг ички объектив ва субъекти белгиларидан эга бўлиши билан бир қаторда биринчидан, уюшган жиноятчиликнинг давлат хизмати фаолиятига кириб боришига олиб келади;

Иккинчидан, демократик қадриятлар қарор топиб бораётган шароитда давлат амалдорлари томонидан мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ҳоллари ҳокимият обрўйига путур етказади;

Учинчидан, амалга оширилаётган жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни модернизация қилиш жараёнларини сусайтиради;

Тўртинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишига олиб келади;

Бешинчидан, давлат ҳокимиятини халқ олдида обрўсизлантиради, ўсиб келаётган ёш авлод онгини заҳарлайди;

Олтинчидан, халқаро ҳамжамиятда давлат тўғрисидаги салбий тасаввурни юзага келтиради;

Еттинчидан, иқтисодиётни ривожланиши ва мустаҳкамланишига ўзининг аянчли таъсирини кўрсатади, натижада иқтисодиёт механизмлари инқирозга қараб кетади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, порахўрлик жиноятлари учун жавобгарлик масалалари ўзининг тарихий ривожланиши давомидан такомиллашиб, ҳар доим дунё ҳамжамияти эътиборида турган жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Қандай турлари мавжудлиги ёки қандай шаклда содир этилишидан қатъи-назар порахўрликка қарши кураш, уни олдини олиш бугунги кун давлат сиёсатининг ажралмас қисмидир. Чунки, давлат томонидан аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда коррупциявий ҳолатларга барҳам берилиши орқали халқаро миқёсда юқори ўринларда эътирофга сабаб бўлишига замин яратади.

Самарқанд вилоят суди судьяси

ЭРГАШЕВ МАРАТ

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси ОЛТИБОЕВ АБДИХАКИМ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan