БИР ҲУКМ ТАФСИЛОТИ

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида кўриб чиқилган навбатдаги иш нафақат ҳуқуқий, балки тарбиявий аҳамияти билан ҳам эътиборга молик бўлди. Суд ҳукми орқали ёшлар ўртасида тобора долзарб бўлиб бораётган муаммо — гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятларнинг оқибатлари яна бир бор очиқ намоён этилди.
Судда аниқланишича, судланувчи Анвар Икромов (исми-шарифи ўзгартирилган) гиёҳвандлик воситаси бўлган “каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб парваришлаган, шунингдек уни сотиш билан боғлиқ ҳаракатларга қўл урган. Тезкор тадбир давомида у гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланган ва қўшимча равишда сақлаб келаётган моддалар ҳам аниқланган.
Суд жараёнида айбланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирди. Бироқ ҳар қандай жиноятга жавобгарлик муқаррар. Суд йиғилган далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари ва экспертиза хулосаларига таяниб, унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берди.
Қонун устуворлиги таъминланган ҳолда, суд А.Икромовни тегишли моддалар билан айбли деб топиб, унга узил-кесил 3 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бу ҳукм — фақат бир шахс тақдири эмас, балки жамият учун муҳим сабоқдир. Гиёҳвандликка берилиш, уни тарқатиш ёки ундан фойдаланиш — нафақат инсон ҳаётини издан чиқаради, унинг келажагига соя солади. Энг ачинарлиси, бу каби иллат ёшларнинг тақдирини синдиради.
Шу боис, ҳар бир инсон, айниқса ёшлар, ҳаётда тўғри йўлни танлаб, қонунларга ҳурмат билан қараши, ўз келажаги учун масъулиятни ҳис этиши лозим. Адолатли ҳукм эса доимо огоҳлик ва ибрат бўлиб хизмат қилади.
Ш. НУРИДДИНОВ,
шаҳар прокурори катта ёрдамчиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan