Шаҳар Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди
Бугун Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг навбатдаги еттинчи чақириқ, йигирма иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳар ҳаёти ва ривожига доир бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб, кун тартибидаги биринчи масала юзасидан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимованинг 2026-йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.
Шунингдек, шаҳар прокурори С.Кабилов томонидан маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан олиб борилган ишлар ҳақида ахборот берилди.
Сессияда аввал қабул қилинган айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш бўйича йиғим ставкаларига тузатишлар киритиш, шаҳар бюджети қўшимча манбаларини аниқлаш ва улардан фойдаланиш тартибини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, “Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик” жамғармаси маблағларидан фойдаланиш, шунингдек, 2026-йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қарорларга тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан ҳам тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, Ёшлар маслаҳат гуруҳи фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Сессия якунида қабул қилинган қарорлар шаҳарни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.










