Ижтимоий турмушда инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади.
Бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденсияси ошиши кузатилмоқда.
Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти тааллуқли бўлиши мумкин.
Фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши шарт. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган кўзи ожизлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкогол, гиёҳвандлик воситаси, уларнинг аналоглари ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли шахсни алдаш ва ундан мулкини олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида квалификация қилинади, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.
Агар шахс ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилади.
Фирибгарликнинг ҳуқуқий тавсифи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, ўзгани алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда унинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш фирибгарлик ҳисобланади. Фирибгарлик бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.
Фуқаролар маблағларини ўзлари олиб келиб берган бўлса-да, фирибгарга жазо тайинланади.
Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Улар енгил бойиб кетиш, мулкка эгалик қилиш мақсадида шундай ҳаракатларни содир этишади. Фирибгарлар маълум бир соҳани эгаллаб, билимга эга бўлишади. Шунингдек, уларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли фирибгарлик ақлли жиноятлар турига кириб, уни ақл-заковатли инсонлар содир этади.
Самарқанд вилоят судининг судьяси
МАРАТ ЭРГАШЕВ
Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон
шаҳар судининг раиси ОЛТИБОЕВ АБДИХАКИМ