ҲИСОБОТ ЭМАС, РЕАЛ ИШ НАТИЖА БЕРАДИ: ДЕПУТАТЛАР ВА ОАВ ВАКИЛЛАРИ РЕЙДДА

Қонун устуворлиги ва аҳоли осойишталигини таъминлашда қоғоздаги ҳисоботлар эмас, балки реал иш натижаси муҳим. Шу мақсадда шаҳар Кенгаши Доимий комиссияси ташаббуси билан ички ишлар ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари фаолиятини ўрганиш бўйича жамоатчилик назорати рейд тадбирлари ўтказилди. Депутатлар, журналист ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳ дастлаб шаҳар Ички ишлар бўлимида бўлиб, ходимларнинг иш жараёни ва хизмат шароитлари билан танишди. Бунда асосий эътибор жиноят содир бўлгандан кейин чора кўришга эмас, балки оилавий зўравонлик, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимига қаратилиб, жамоатчилик билан ҳамкорлик самарадорлиги муҳокама қилинди.

Шунингдек, депутатлар томонидан шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмасининг (ЙҲХБ) фаолият самарадорлиги ҳам таҳлил қилиниб, ходимларнинг тунги хизмати ва ҳайдовчиларнинг қоидаларга амал қилиши бевосита кузатилди. Чунки ушбу тизим шунчаки жарима ундириш маскани эмас, балки инсонлар ҳаёти ва хавфсизлигига бевосита масъул соҳадир.

Афсуски, кўчалардаги тартибсиз тирбандликлар, инфратузилмадаги камчиликлар ва айрим ҳайдовчиларнинг шошқалоқлиги оқибатида аянчли авариялар содир бўлаётгани, бегуноҳ инсонлар, айниқса, ёш болалар ҳаётдан кўз юмаётгани аччиқ ҳақиқатдир. Шу боис, фожиаларнинг олдини олиш учун соҳа ходимларининг ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, тизимда коррупциявий омилларга ва сохта ҳисоботбозликка йўл қўймаслик таъкидланди. Мулоқот давомида тизим ходимлари ҳам йўллардаги ҳалокатларга чек қўйиш ва инсонлар ҳаётини асрашда фақат жарималар билан натижага эришиб бўлмаслигини, бу борада жамоатчилик назоратининг кўмаги зарурлигини эътироф этган ҳолда, бундан буён ҳамкорликда тарғибот ишларини олиб боришга тайёр эканликларини билдиришди.

Бу каби рейд тадбирлари доимий комиссия томонидан изчил давом эттирилади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan