ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ БУНЁДКОР АЁЛЛАРИ: КАТТАҚЎРҒОН ТАЖРИБАСИ
Ўзбекистон аёл судьялари ассоциациясининг режасига мувофик ҳар чоракда хотин-қизларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда фаол хотин-қизлар ташаббусларини кенг тарғиб қилиш борасида тизимли равишда турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Ана шундай мазмунли тадбирларнинг навбатдагиси Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди судьяси Қизлархон Агзамова иштирокида, «Лидер аёллар билан учрашувлар» лойиҳаси доирасида Каттақўрғон шаҳрида юксак савияда ташкил этилди.
Учрашув икки маротаба Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган, бугунги кунда Каттақўрғон шаҳар ҳокими лавозимида фаолият юритаётган Гавҳар Алимова ҳамда эл эъзозидаги фаол аёл Ҳамротош Шодиевалар билан самимий ва очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтди. Суҳбат давомида ушбу етакчи аёллар ўзлари эришган ютуқлар, бу муваффақиятлар замирида ётган тинимсиз ўқиш, изланиш, ҳаётий машаққатлар ҳамда бой иш тажрибалари ҳақида дилдан ўртоқлашдилар.
Дарҳақиқат, бугун нафақат вилоятимизда, балки республикамизда ҳам ўз ўрнига эга бўлган раҳбар аёл — Гавҳар Алимованинг ҳаёт йўли ва иш тажрибаси кўплаб хотин-қизлар учун ҳақиқий ибрат мактабидир. У киши узоқ йиллар давомида вилоят ва республика миқёсидаги турли масъулиятли лавозимларда самарали меҳнат қилган. Айниқса, Олий Мажлис Сенатидаги фаолияти даврида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа кўплаб ижтимоий соҳаларда ўзининг қонунчилик ташаббускорлиги билан юксак жонбозлик кўрсатган.
Хусусан, Гавҳар Алимованинг Каттақўрғон шаҳар ҳокимлигидаги раҳбарлик фаолияти чинакам юксалиш ва фидокорлик намунасидир. Шаҳар ҳокими сифатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, йирик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида намунали ишларни амалга ошириб келмоқда. Унинг талабчан ва адолатли бошқаруви, халқ билан ички мулоқони тўғри йўлга қўя олганлиги сабабли бугун Каттақўрғон шаҳри замонавий қиёфа касб этиб, тинчлик ва ободлик масканига айланди.
Шунингдек, каттақўрғонликлар икки маротаба Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган Ҳамротош Шодиевани ҳам ташаббускор, жонкуяр ва фаол аёл сифатида жуда яхши биладилар ва ҳурмат қиладилар. Узоқ йиллар таълим тизимида, кейинчалик хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Сенатда самарали фаолият кўрсатган Ҳ.Шодиева Халқ қабулхонасидаги фаолияти давомида ҳам шаҳар аҳолисининг мурожаатларини ижобий ҳал этиш ва жойлардаги муаммоларни бартараф этишга муносиб ҳисса қўшган. Оқила ва тажрибали устоз айни дамда ҳам Самарқанд педагогика техникумида ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда.
Учрашув якунида тадбир ҳақида ўз таассуротларини ўртоқлашар экан, судья Қ.Агзамова шундай деди: — Албатта, Каттақўрғон шаҳрида мана шундай ҳаётий мактаб яратган, лидер хотин-қизлар билан бўлиб ўтган самимий суҳбат менга ўзгача кўтаринки кайфият бағишлади. Айниқса, шаҳар ҳокимининг раҳбарлик ва бошқарув соҳасидаги зўр тажрибаси, уларнинг бой ҳаётий йўли, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳуқуқий томондан кўмаклашиш борасидаги қимматли фикрлари ҳамда таклифлари биз, аёл кадрлар учун келгуси фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.










