АЖРИМ СОЯСИДА ҚОЛАЁТГАН БОЛАЛАР
Оила — жамиятнинг энг нозик ва энг муқаддас, шу билан бирга мустаҳкам пойдеворидир. Шу боисдан ҳам бизда азалдан оилани муқаддас бир қўрғон сифатида эъзозлаганлар. Унинг мустаҳкамлигини таъминлаш оила катталарининг қолаверса, маҳалланинг олдидаги муҳим вазифа бўлган. Лекин афсуски, бугун ана шу муқаддас ва мустаҳкам қўрғон деб аталмиш оиланинг устунларига путур етаётгандек. Арзимаган сабаблар боис гулдек оилаларнинг ажрим ёқасига келиб қолаётгани ачинарли ҳол. Зеро, менинг бир кунлик ўрганишларим давомида кўрган ҳақиқатларим дилимни жуда ранжитди. Тўғриси, мен оила аъзоларининг ота-оналик бурчи, эр-хотинлик масъулиятини, фарзандлар олдидаги мажбуриятларини унутаётганлари боис ажрим соясида қолаётган норасида болаларга ачиндим.
Мен ўрганган бир хонадонда 4 нафар фарзанд бор экан. Ажрим ёқасидаги ушбу оилада ота-онанинг ҳар бири ўзича ҳақ. Эрининг топган пулини ҳавога совурган аёл, 20 йиллик турмуш давомида бошпана қилишга улгурмаган ота ва ҳоказо… Лекин ҳеч ким болаларнинг “биз ким билан қоламиз?”, “биз нима айб қилдик?” деган саволларига жавоб беролмайди. Бу ерда энг ачинарлиси оилада 4 нафар боланинг борлиги. Бу Оллоҳнинг энг катта инояти аслида. Бугун орамизда 10-15 йиллик турмуши давомида фарзанд тирноғига зор бўлиб, лекин бир-бирини қўллаб, меҳр билан яшаётган оилалар қанча. Ваҳоланки, оналик меҳрини ҳис қилиш учун битта бола араб олиш учун рўйхатда турган минглаб оилалар бор. Ачинарлиси, 4 нафар гулдек фарзандлари бўла туриб ажралишни истаётган эр-хотиннинг ҳаракатларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Иккинчи оилада эса сабаб — ташқи таъсир ва мустақил қарорнинг йўқлиги. Аёл жуда меҳнаткаш, оила учун курашаётган сабр-бардошли инсон. Лекин эр хиёнаткор. Эр-хотин ўртасида айланаётган гап-сўзлар, аралашувлар аллақачон оиланинг парокандалигига сабаб бўлган. Бу ерда болалар бор, лекин оилада “ота-она” деган ягона тушунча йўқ. Учинчи оилада икки нафар фарзанд бор. Бу ерда ажримнинг сабаби келиннинг ўйламай қилган хатоси, телефон орқали бошқа бир инсон билан суҳбатлашгани. Ер ва қайнона уни хиёнаткор деб баҳолаган.
Оилаларни яраштиришдаги бир кунлик ўрганишларим афсуски, менинг қалбимда оғриқли из қолдирди. Ачинганим шуки, ажралишни истаётган эр-хотинлар эмас балки, ажримлар соясида қолиб қалби ўксиётган, ширин болалиги ўғирланаётган 11 нафар болаларнинг тақдири бўлди. Доно халқимиз бежиз айтмаган: “Бир оила бузилса — арши аъло ларзага келади”. Бу шунчаки гап эмас, бу ҳаёт ҳақиқати. Оилани мустаҳкамлаш учун аввало унинг устунлари бақувват бўлиши лозим. Янги оилани барпо этаётган катталар, ота-оналар оила қураётган йигит ва қизнинг қарашлари, маънавияти, фикрлаши бир-бирига мосми, зарурат туғилганда бир-бирини қўллай оладими, қийинчиликларни бирга енга оладими, деган саволлар ҳақида ўйлашлари керак. Зеро, ҳаёт бир текисда кетмайди. Бу саволларга жавоб аслида тўйдан аввал топилиши даркор. Ушбу масалага ҳаттоки буюк бобокалонимиз Амир Темур жуда жиддий ёндашган. Бу борада Соҳибқирон шундай дейди: “Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим. Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолотини аниқладим. Келин бўлмиш насл-насаби, одоб-ахлоқи, соғлом ва бақувватлиги билан барча қусурлардан ҳоли бўлсагина, эл-юртга катта тўй-томоша бериб, тўй тушурдим”.
Хўш, бугун бизда-чи? Афсуски, бугунги оғриқли ҳақиқат шуки, бизда янги мустаҳкам оила барпо этишга эмас балки, дабдабали тўй қилишга шошиладилар. Аксарият оила катталари топарман-тутарман, обрўли жой билан қуда-анда бўлишни ўйлашади. Қолаверса, фарзандини бировдан кам қилмай сарпо-суруғини зўр қилишни, машҳур санъаткорларни тўйга айтишни, нуфузли тўйхоналарда базмни ташкил этишни биринчи ўринга қўяди. Қариндош-уруғлар билан ўтадиган тўй маслаҳатида бир кунлик тўй муҳокама қилинади, холос. Лекин ҳеч ким икки ёшнинг келгусида оилани қандай мустаҳкам сақлаши, уларга қандай ёрдам кераклиги ҳақида ўйламайдилар.
Тўй ҳам ўтди дейлик. Ана энди қайнона бўлмиш оилага янги келган келинни парвариш қилиш, янги муҳитга меҳр билан мослаштириш ўрнига унинг ишларидан камчилик қидира бошлайди. Келин ҳам бир ниҳол мисоли. Янги ниҳолни ҳам ерга қадаганда яхшилаб парварриш қилинсагина илдизи мустаҳкам дарахтга айланади. Акс ҳолда секин эсган шамол ҳам уни қулатади. Оиладаги қайнона ҳам қачонлардир келин бўлган. Ўзи босиб ўтган йўлни, ҳаёт тажрибаларини янги келинга тушунтирса, меҳр берса, келин ҳам янги муҳитга тезроқ кўникади, мослашади. Келин оилага келдими — уни бегона эмас, ўз қизидек қабул қилиш керак. Қайнона фақат талаб қилувчи эмас, ўргатувчи, йўл кўрсатувчи бўлиши зарур. “Сен бундайсан, сен ундайсан” деб турткилаш эмас, “кел, бирга ўрганамиз” деб қўлидан ушлаш жоиз.
Нимагадир ажрим ёқасидаги оилаларда келинни, аёлни айбдор қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Бу эса жуда нотўғри. Аёл она, аёл турмуш ўртоғи, аёл келин. Унинг вазифалари кўп оилада. Энг муҳими оилалар давомчиси бўлмиш фарзандни дунёга келтирадиган, наслни давом эттирадиган зот. Шунинг ўзи унинг қанчалик буюк ва сабрли эканини кўрсатади. Демак, уни тушуниш, камчиликларини кечириш, энг муҳими — қўллаб-қувватлаш даркор. Аёлни айблаш осон. Лекин унинг ёнида туриш, далда бериш — мана шу ҳақиқий инсонийлик барча қайнона ва оила аъзоларига ҳам хос эмас.
Оила муқаддаслигининг яна бир жиҳати шундаки, эр-хотин ўртасида, оилада сирлар бўлади. Уни бошқалар билиши шарт эмас. Афсуски, ажримлардаги айрим ҳолатларда бир ёстиққа бош қўйган эр-хотинлар ана шу муқаддас сирларни ҳам бегоналар олдида ошкор қиладилар. Улар ярашгандан сўнг юзлардаги пардаларни узиб айтилган шунча гап-сўзлар унутилармикан? Муносабатлар яна аввалгидек бўлармикан? Лекин айрим аёллар оиламни асрайман, ундаги гапларни кўчага чиқарсам турмуш ўртоғимнинг ҳурмати йўқолади деб тазйиқ, ҳақоратлар остида яшасада сабр қилади. Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг аксарияти ана шундай тарзда ҳаёт кечирган аёлларга тўғри келмоқда. Аёл мажбур эмас ўз ҳаётини уни бахтли қилишга қодир бўлмаган эркак учун фидо қилишга…
Яна бир оғриқли нуқталардан бири — оилага учинчи шахснинг аралашуви. Бу ўтга ёғ сепиш кабидир. Бир томондан гап, иккинчи томондан гап — орада эса ёшлар изтироби. Оила — икки инсоннинг ҳаёти. Уни барбод қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У опами, сингил ёки ака, ука ё бошқа яқин қариндош…
Шу ўринда яна бир масалага эътибор қаратиш лозим деб, ўйлайман. Аксарият ҳолларда оилани мустаҳкамлашда фақат қизлар билан, келинлар билан иш олиб борилади. Нимагадир иккинчи томон эркак кишининг бу борадаги масъулиятига унчалик эътибор қаратилмайди. Қизларга қисман бўлса-да мактабда ёки уйда оилага тайёрлаш бойича тушунтиришлар берилади. Лекин йигитларни оилага тайёрлаш масаласи кун тартибида эмас. Бу борада сусткашлик устувор. Ушбу масалага бугун Ёшлар ишлари масъуллари жиддий ёндашишлари лозим. Йигитларни оила қуришга тайёрлаш, эрлик, кейинчалик оталик масъулияти қандай бўлиши лозимлиги ҳақида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқ.
Қолаверса, оилада оталар бу борада намуна бўлиши керак. Уйдаги ўғил фарзандлар отасининг турмуш ўртоғига, қизларига қилаётган муомаласини кўриб улғаяди. Улар эртага отага ўхшаган турмуш ўртоғи бўлади. Чунки “қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бор халқимизда. Эркак киши оиланинг бош устуни. Қайсики, хонадонда эркакнинг ғурури баланд, масъулияти астойдил бўлса оила бекаси аёл бахтли яшайди, оилада катта бўлаётган қизлар ҳам ор-номусли, саранжом-сариштали, илмли бўлиб етишади.
Шуни таъкидлаш жоизки, оила, эр-хотинлик муносабатлари динимизда ҳам муқаддас ришта ҳисобланади. Бу риштани боғлаш, оила барпо қилишда катта мақсадлар кўзланган. Шу сабабдан ҳар иккала тарафга ҳам ўзига яраша масъулиятлар, бурчлар, вазифалар юклатилган. Эркакнинг ўз аёли олдида моддий ва маънавий бурчлари бор. Оила қурилгач, аёлига, фарзандларига илм бериш, уларга яхши муносабатда бўлиш, тинч-тотув, осойишта ҳаётини таъминлаш эркакнинг маънавий бурчи ҳисобланади.
Юқорида айтганимиздек, бугун ҳам жамиятимизда ажримларни олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш олдимизда турган асосий ва долзарб масаладир.
Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган йил мобайнида шаҳарда ажримлар натижасида 35 нафар бола ота-онаси алоҳида яшайдиган шароитга тушиб қолган. Бу ҳолатларни олдини олиш мақсадида ҳар чоршанба куни шаҳардаги “Оила маскани”да оилавий масалаларга бағишланган қабул ва суҳбатлар ташкил этилмоқда. Унда ажрим ёқасидаги оилалар, низоли жуфтликлар ҳамда мурожаат қилган хотин-қизлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, муаммоларни жойида ҳал этишга эришилаётир. Қолаверса, маҳалла ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида оилавий низоларни бартараф этиш, ажримларнинг олдини олиш, алимент масалалари ва хотин-қизлар мурожаатларини комплекс ҳал этишга қаратилган қўшма қарор доирасида “Самарқанд тажрибаси”ни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қарор асосида шаҳарда “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими, Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда маҳаллалар уюшмаси ҳамкорлигида 55 нафар фаоллардан иборат “Жамоатчилик овози” гуруҳи ташкил этилди. Ушбу гуруҳ аъзоларига ажрим ёқасидаги ва низоли оилалар бириктирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, маҳаллалар кесимида ажримлар кўп кузатилаётган ҳудудларда тарғибот тадбирларини амалга ошириш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилиб, изчил равишда ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда маҳалла еттилиги масъул этиб белгиланган. Мақсад — ажримларни юзага келтираётган сабабларни ўрганиш ва бу борадаги муаммоларни ҳал этиш орқали ажримларни олдини олиш. Муҳими, ушбу ишлар расмий тадбир сифатида эмас, балки аниқ натижага қаратилган амалий ёндашув асосида олиб борилмоқда. Зеро, ҳар бир сақлаб қолинган оила — жамият барқарорлигининг муҳим кафолатидир. Қолаверса, оилага бўлган муносабат ҳар бир инсоннинг виждонига ҳавола.
Гавҳар АЛИМОВА,
шаҳар ҳокими.









