Медиа ҳафталикдан кейинги ўйлар: Газеталар ўлмайди – қимматлашади
Сарлавҳани ўқиб, хулоса қилишга шошилманг. Ўзи шундоғам газеталарнинг йиллик обуна нархи йилдан-йилга ошиб бораётган бир пайтда газета қимматлашади, деб ваҳима қилиш нима керак, дегувчилар топилади, албатта.
Бугун газетага эҳтимолки, мажбурловлар орқали обуна бўлганлар ҳам, уни ўқиётганлар сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Дарҳол газеталарда ўқишли нарса йўқ, деманг. Шундай иддао қилганларнинг бир неча нафарини сўроққа тутганман, кейинги ойларда эмас, охирги йилларда қайси вақтли нашрни кузатиб боряпсиз, деб. “Йўқ, яқин йилларда газетани кўрганим йўқ”, деб жавоб олганман кўпчиликдан.
“Тамғали тарих”
Газета ўқиш, ёшларнинг тили билан айтганда “трэнд”дан қолиши бундан бир неча йил илгариги вазият билан бевосита боғлиқ. Фақат мақтов ва “қизил” гаплардан иборат, мавзуси ҳам, ёзилиш услуби ҳам бир хил бўлган шаблон мақолалар билан тўлиб-тошган газеталарни яхши эслаймиз. Буни қарангки, қайсидир бир даврдаги сўз эркинлигига тақиқнинг асоратлари ҳамон ўз касрини кўрсатмоқда. Аҳолида газета деса, кўнгил айнийдиган даражада тоқатсизлик пайдо қилдик ва бунинг азобини ҳамон тортиб келяпмиз. Аҳолида газетага нафрат шаклланди, яхши журналистлар бошқа иш қидирди, соҳада улкан бир хаос пайдо бўлди. Босма нашрларда бармоқ билан санарли даражада фидойилар ишлади, газеталар ҳали бир пайтлардаги сингари гуллаб-яшнайди, жамият вақтли матбуотсиз яшай олмайди, деган ишончи ўлмаган инсонлар қолди. Тан олиш керак, фақат фидойилар эмас, ижодда ўртамиёналикдан ўта олмайдиганлар ҳам кўп эди бу сафда.
Аммо мураккаб даврлардан ўтиб олгач, интернетнинг жадал ривожи, жамиятнинг турли жабҳаларида рақамли технологияларга ўтилиши кабилар бугун ўша озгина ишончни ҳам ўлдирди. Энди газеталарнинг яшаб қолишига умид янада заифлашгандай бўлди.
Катта давраларда, “газета яшаб қолиши учун нима қилиш керак? Ахир, бу тахлит кетадиган бўлса, саводсизлик, фикрлаш даражаси тобора пасайиш авж оладику!” дея бонг урадиганлар кўпайди.
Моҳият ўзгармайди
Шу ҳафтада Самарқандда, умуман, навбати билан мамлакатимизнинг барча вилоятларида ўтказилаётган медиа ҳафталик ноодатий қарашлар, тақдимот ҳамда машғулотлари билан кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Босма нашрлар вакиллари учун ўтказилган сессияларда қизиқ бир савол ва мулоҳазалар ўртага ташланди. Хусусан, халқаро доирадаги эксперт Элдар Асанов йиғилганларга шундай савол билан мурожаат қилди:
– Хўш, моҳият ахборот тарқатиш, сифатли мақолаларни ўқитиш экан, нега қоғоз вариантдан воз кечиб қўя қолмаймиз? Ахир, бугун технология ривожлангани сари телефон орқали ҳам жуда қулай формат ва шаклларда бутун бошли китобларни ҳам ўқиш мумкинку. Мақола нима бўпти?
Бу мулоҳазага баъзилар қўшилди, кўпчилик қарши фикр билдирди. “Ахир газетасиз яшаб бўладими!” дейдиганлар тоифаси ўз мулоҳазасини исботлаб бера олмаган бўлса-да, аммо улар кўпчиликни ташкил этди.
Қоғоз ҳам, интернет ҳам ташувчи
Эксперт барча фикрларни эшитгач, дунё тажрибасига асосланган нуқта назарини билдирди.
– Журналистиканинг анъанавий ва онлайн – икки шакли турли тарихий давр ва шароитда вужудга келган, ҳар хил аудиторияга мўлжалланган, шунга яраша ўз мактабларини яратган, – дея фикрини давом эттирди Э.Асанов. – Босма нашр одатда саҳифа композицияси, чуқур таҳлил, таҳрир, якунланган матн ва нисбатан узоқроқ вақт ишлаб чиқариш силсиласига таянган. Онлайн журналистика эса тезкорлик, доимий янгиланиш, қидирув орқали топиш имкони, гиперҳаволалар ва диққати тарқоқ аудитория учун кураш шароитида шаклланган. Натижада икки хил стратегия юзага келди: бир томонда “газетача мураккаблик”, иккинчи томонда эса “рақамли шошқалоқлик”.
Бу муҳитда замонавий муҳаррирнинг вазифаси одатларни ҳимоя қилиш эмас, ҳар иккала анъанадаги энг кучли жиҳатларни амалиётда қўллаш ва ривожлантириш.
Қоғоз ҳам, интернет ҳам аввало ташувчи. Журналистика сифати эса ташувчидан кўра кўпроқ мақсад, жанр, таҳрир стратегиялари ва аудиторияни билишга боғлиқ. Мисол учун, битта материал бир неча шаклда яшаши мумкин: газета саҳифаси, сайт мақоласи, телеграм пости, инстаграм “карусели” ёки қисқа видео. Шунинг учун солиштиришда босма ёки рақамли эмас, балки ўқиш сценарийси ва матн қурилиши эътиборга олиниши лозим.
Журналист касбини ўзгартиради
Бу фикрларга қўшилмай иложинг йўқ, сабаби бугунги замонавий журналист шу усуллардан фойдаланмасдан ишлай олмаяпти, тўғрироғи, фақат газетага мақола ёзаман деган журналист ўз аудиториясини йўқотиб боряпти, холос. Тўғри, осон бўлаётгани йўқ: 10-20 йилдан бери фақат матн билан ишлаган, маълумот қидириб, уни тартибга солган, ўқувчига уни чиройлироқ, бадиийроқ тарзда етказай дея уринган, ўзи ёритаётган соҳани ҳам қарийб шу соҳа эгасидай билишга интилиб мақола ёзаётган журналистга яна бошқа талаблар ҳам қўйила бошланди. У бир пайтнинг ўзида тележурналист, блогер, вайнер ва ҳоказо бир форматларда чиқиш қилишга мажбур бўлмоқда. Бундай йўналиш кишидан пухта билимдан кўра кўпроқ артистизм, аудиторияга енгилроқ қараш, нутқини ривожлантириш, экран техникасини мукаммал билиш каби қатор кўникмаларни ўзлаштиришни ҳам тақозо этмоқда.
Ваҳоланки, битта яхши таҳлилий мақола тайёрлаш кишидан нафақат тўғри маълумотлар йиғиш, балки уни қайта ишлаш, бир нечта экспертлар билан боғланиш, уларнинг фикрни чоғиштириш, таҳлил қилиш ва кейингина таҳлилий мақолага қўл уришни талаб этади. Журналист шундай мукаммал мақола ёзсинми ёки мақоласини “едириш” учун турли форматларга мурожаат қилиб вақтини ўтказсинми? Бир пайтлар журналист касбини ўзгартиради, ибораси жуда жиддий бир маъно берар, мухбирлар турли касб эгалари ҳаётини ўрганиш учун ўша йўналишда чинакамига ишлаб, уларнинг бор ютуқ ва муаммоларини ўрганиб, жамиятни ларзага соладиган мақолалар ёзарди. Бугун эса бу ибора “шоуменлик” эканини англатади, холос.
ЎзА мухбири ойна тутди
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мухбири Икром Аввалбоев юзимизга ойна тутди. Танишув аввалида ҳаммамиздан исм-шарифимиз билан бир қаторда кейинги ойларда ёзган битта ёки иккита мақоламиз сарлавҳасини ҳам айтишимизни сўради. Тўғриси, сарлавҳаларни эшитиб, бир хилликдан юзимиз қизарди. “Қачон шукур қилиб яшайсан?”, “Яшил макони лойиҳаси амалда”, “Баҳорни уйғотган фермер”, “Ширкатлар қандай ишлаяпти?”, “Инсон умри азиз” каби қайсидир маънода бугунги ўқувчини қизиқтира олмайдиган сарлавҳалар янгради. Демак, ўқувчини қизиқтирадиган мавзулардаги таҳлилий мақолаларимиз билан ҳам мақтана олмайдиган ҳолатга келганимиз ростдир, балки.
Айнан шу масалада Икром Аввалбоев ўз таклифларини ўртага ташлади.
-Бир қараганда бугуннинг долзарб масаласи олиб чиқилган мақола қанчалик муҳим бўлмасин, сарлавҳаси эътибортортар бўлмас экан, уни ўқувчи ўқимайди. Шунча меҳнатга яраша журналист бу масалага алоҳида ёндашуви лозим. Тўғри, журналистикада сарлавҳанинг аҳамияти бугунги гап эмас, у пайдо бўлгандан бери айтилади. Лекин бугун у ҳар қачонгидан кўра долзарб.
Табиийки, бир хил сарлавҳалар ўз-ўзидан юзага келмаяпти. Агар буни таҳлил этсак, яна кўп “яра”лар очилиб кетади. Туман, шаҳар газеталари бугун катта қийинчилик билан яшаб қолаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Яшаб қолиш шароитида яхши мутахассис топиш эса қироличаларнинг кулбада яшаши каби ишониб бўлмас ҳақиқат. Шаҳар, туман кенгашлари муассис саналган газеталар бугунги кунда тўласинча ҳудудий ҳокимликларга қарам бўлиб қолган. Бундай қарамлик фақат уларга ёқадиган мақолалар кўриниши билан газетада акс этади. Бундай муҳит, яъни бошқачароқ, танқидийроқ руҳдаги мақолалар газетанинг “яшаб қолиш” даражасини янада пастга тушираверади. Натижа эса бугунги кўринишдай бўлади, бир хиллик, зерикарлилик, ялт этган фикрнинг йўқлиги…
Кишига таскин берган томони, медиа ҳафталик экспертларининг аксарияти Самарқандга бироз ўйлаб келдик, чунки бу ерда “Зарафшон” газетаси барча замонавий технология ва платформалардан фойдаланган ҳолда иш юритяпти, гибрид усул ушбу таҳририятда самара беряпти, дея эътироф этишди. Қолаверса, туман газеталари, хусусан, “Пахтачи” ва “Жомбой тонги” газеталари ҳам анъанавий усул билан рақамли платформаларни бир пайтда қўллаб, ахборот, фикр етказишда устунликка эга бўлмоқда, дейишди.
Эплаймиз!
Хуллас, бугун журналист қийин танловлар олдида қолган, у неча йиллардан бери асраб келаётган сўзига, адолатига, холислигига хиёнат қилгиси йўқ. Катта аудиторияга эса “шоу” керак. Қисқа матнда ҳамма гапингни айт, қисқа, қизиқарли видео узат менга, шу етади, деб турибди. Бутун бир жамиятга татбиқ этмасак ҳам умумий ҳолат айнан шундай ракурсда намоён. Экспертларимиз бу вазиятга яхши талқинлар, самарали таклифлар билан қизиқишимизни орттирди. Хусусан, Элдар Асановнинг “Қўрқманг, газета ўлмайди, аксинча қимматлашади. Яъни, сифатли таҳлил, яхши мақолага эҳтиёж сусаймайди. Тўғри, ўқувчилари камаяр. Аммо асл нарсаларнинг доим кичик бўлса-да, ўз аудиторияси бўлган, ахир сиз учун сифат муҳим эмасми? Сизнинг яхши мақолаларингиз учун яхши ҳақ тўлайдиган нашрлар бўлади, улар ҳозир ҳам бор!”.
Икром Аввалбоев эса “Мақола ёзиб юрган инсон борки, унда албатта ижодкорлик мавжуд. У шу ижодкорлигидан бугун тўлиқ фойдаланиши керак. Ижтимоий тармоқларда турли ракурсларда ўз меҳнатингизни намоён этинг, ўзингизни, бораётган ҳудудларингизни ўз тармоғингизда қўшнингизга қандай айтиб берсангиз, шу тарзда жойлаштириб бораверинг, одамларга яқинроқ бўлинг, буни эплайсиз!”, дея иштирокчиларни руҳлантирди.
Биз ҳам эплаймиз, деган ички бир ишонч билан чиқдик машғулотлардан. Эҳтимол, медиа ҳафталикнинг мақсади ҳам шу бўлгандир.









