“ДУНЁМАН, ДУНЁ БЎЛИБ, ДУНЁ МЕНИ ДУНЁГА ҚЎШ!”

Ўз замонасининг забардаст шоири, устоз Самариддин Сирожиддинов 1932-йилда Каттақўрғон туманининг Кичиккўрпа қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетини тугатган. Самариддин Сирожиддинов бадиий ижодни адабий тадқиқот ишлари билан узвий боғлаб давом эттирди. У айниқса, Каттақўрғонда яшаб ижод этган шоирлар меросини тўплаш ва ўрганиш билан жиддий шуғулланди. Муҳаммад Шариф Шавқий, Видоий, Очилдимурод Мирий, Дилафкор, Аҳмаджон Аҳқар, Нурмон шоир Абдувой ўғли, Абдулҳамид Мажидий, Тошпўлат Саъдий каби шоирларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб мақолалар ёзди. “Абдулҳамид Мажидийнинг ҳаёти ва ижоди” мавзусида илмий иш ёқлаб, филология фанлари номзоди бўлди.

Самариддин Сирожиддинов 1975 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимининг раҳбари лавозимида фаолият кўрсатди. Дадам раҳматли адабиёт ва санъатни ғоятда қадрлайдиган, нозик дидли инсон бўлганлар. Шу боис ёнларида доимо китоб бўларди. Юмушлардан бўшаган пайтлари китоб ўқирдилар. Кичик радиоприёмник эса яқин дўстлари эди. Доимо “Маъшал”ни эшитардилар. Жангчи шоир Раҳимжон Сатторов, кекса маорифчи, журналист Малик Элмуродов, ёзувчи, драматург Яздон Худайқулов, шоир Шароф Қобулов (Холис) каби қалам аҳллари билан яхши таниш ва қадрдон эдилар. Кечагидек эсимда, 1978 йилнинг баҳори эди. Ҳовлимиздаги настарин дарахти қийғос, чиройли гуллаган. Настаринга ёндош қўйилган чорпояда дадамлар китоб ўқиб ўтирган эдилар ўшанда. “Уста Шукур, уйдамисиз?” – деган овоздан дадамлар сергак тортиб, э, Холис бова, келсинлар, келсинлар – деб дарвоза томон меҳмонларга пешвоз чиқдилар. Қўл олиб кўришгач, бу кишини танидингизми, бизларнинг Самарқанддаги “катта”миз дедилар меҳмон томон ишора қилиб, мулойимлик билан Холис домла. – Сал танимайроқ турибман-да? – Самариддин Сирожиддинов ўзимиздан. – Жуда яхши, қани ичкарига, марҳамат! Дадамлар меҳмонларни чорпояга ўтиришга таклиф қиларканлар, охиригача таништирмадингиз деган маънода Холис домлага савол назари билан қарадилар. – Самариддин асли кичиккўрпалик Сирожиддин аканинг ўғиллари. – Э, шундай демайсизми, мулла Сирожиддин аканинг ўғиллари денг, ахир у киши ўзимизнинг улфатимиз-ку. Ўзимиздан экансиз-ку! Онаси, қани ичкарига жой қилинглар, ошга ҳам уннайверинглар, азиз меҳмонлар келиб қолишди, – дея дадамлар қўяргақўймай олиб кирдилар. Суҳбатлари “қўр” олиб, меҳмонларнинг шошиб турганликлари ҳам эсларидан чиқиб кетди, шекилли, ўзига хос адабий баҳс анчагача давом этди. Унгача ош ҳам пишди. Самариддин ака хайрлашар эканлар, менга хушнудлик билан боқиб, “қонларида бор экан-да, ўзи, Шукур ака ҳам шеърхонликда бизлардан қолишмадилар. Сўфи Оллоёр, Бобур, Машраб ғазалларини хўб ва кўп биларканлар. Сиз ҳам энди ғайрат қилинг. Сиздан умидимиз катта. Бобокалонингиз Аҳмаджон Аҳқар мумтоз адабиётимизнинг йирик вакилларидан бири ҳисобланади. Уларга муносиб бўлишингиз керак. Бола-чақа, оила ҳам ўз йўлига, лекин ижодни ташламанг”. Ижоддан бироз узоқлашганимни сезган бу улуғ инсон менга айтган муборак ушбу сўзлари ҳаётимдаги шиоримга айланди. Мен яна ижодга қайтдим. Шеърларим газета, журналларга чиқа бошлади. Бастакорлар назарига тушиб, шеърларим қўшиқларга айланди. 1984 йилнинг баҳори эди. Самарқанд Ёзувчилар уюшмасидан хат олдим. Ўз ҳақингизда маълумот ҳамда нашр қилинган асарларингиз рўйхати билан етиб келинг”. Ўша йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг кўчма йиғилиши Самарқандда ўтказилди. Катта адабиёт байрамига айланган мазкур анжуманга Сарвар Азимов бошчилигидаги ўзбек халқининг энг етук, энг улкан, мен билган, мен ҳали кўрмаган катта шоир ва ёзувчилари ташриф буюрган эди. Кўчма йиғилишнинг биринчи кунида самарқандлик ижодкорларнинг ўн нафари собиқ Иттифоқ ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Рўйхатнинг бошида мен ҳам бор эдим. Озми, кўпми эришган ютуқларим ўзбек адабиёти дарғаларининг эътирофидан, эътиборидан беадад хурсанд эдим. Булар ҳаммаси самимий инсон, ғамхўр устоз Самариддин Сирожиддиновнинг ёшларнинг ижодига бефарқ эмасликлари, адабиётга, шеъриятга бўлган фидойиликларини яққол кўриш мумкин эди. 1987 йилнинг тонгида олам бир зум зулматга чўмгандай бўлди гўё. “Дунёман, дунё бўлиб, дунё мени дунёга қўш” дея ҳайқирган юрак тингандай бўлди. Шу куни ўзи бир дунё бўлиб, дунёларга қўшилиб кетди Самариддин Сирожиддинов… Шу кун эгилди бошлар, Қалбга урилди ларза. Қолди ижодий ишлар , Шеърият тинди лаҳза. Лек айтолмам ушбу тоб, Синди деб шоир сози, Мана қўлимда китоб, Янграр шоир овози.

Эркатош ШУКУРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan