КАТТАҚЎРҒОН ТОХИРИ ЭРДИ, ҚАЛАМКАШЛАР МОҲИРИ ЭРДИ
Ушбу хотира таниқли журналистлар Абдуазиз Хошимов ва Азим Қодировлар билан ўтказилган суҳбатлар ва чоп этилган мақолаларига асосланган. Ёшлигимизда “Ёш мухбирлар”
тўгараги бўлар эди. Тўгарагимиз раҳбари Ишбекова Венера Дўстмухаммедовна, қалам ўткир бўлиши учун уни яхшиликка ишлатиш, танқид қилишдан аввал муаммони ичига кириш
кераклигини акс ҳолда мақола халқ манфаатига эмас, балки шахсий манфаат учун хизмат қилишини таъкидларди. Қалами ўткир, таниқли журналист Тохир Каримовнинг набираси
номига муносиб бўлишимни уқтирарди.
Т.Каримовни нафақат каттақўрғонликлар, балки пойтахтдаги кўпчилик одамлар, ёши, мавқеи ва лавозимидан қатъий назар, ҳурмат ва эҳтиром ила шундай аташар эди. Бу қорувли, узунчоқ оқиш юзларидан нур томиб турадиган хушфеъл, хушсухан одам шаҳарга келганда гўё кўчалар бағри тўлар, у бор давра аллақандай файз ва тароват касб этар, даврадошлар унинг пурмаъно, ҳикматмонанд суҳбатларидан баҳра олишарди. Унинг қаламига мансуб мақола, лавҳа, очерк ва фельетонларни муштарийлар интиқ бўлиб кутишар, босилиб чиққач қўлмақўл бўлиб кетарди. Халқимизнинг улуғ фарзанди Шароф Рашидов ҳам у кишини қадрлаб ҳурмат билан «Отахон» деб чақирар эдилар,- деб хотирлаган ёзувчи, драматург Яздон Худайқулов. Яздон Худайқулов салоҳиятли журналист Тохир Каримовни ўзининг ижоди саҳифасидаги муаллим сифатида қадрларди. Унинг мухбирликка бўлган ихлоси, ҳаваси ана шу устозининг доно маслаҳатлари эвазига рўёбга чиққанди. Т.Каримов вафотидан бир неча йил ўтгач Яздон ака устози ҳақида хотира битиб, “Зарафшон” газетаси таҳририятига кириб келади. Зукко журналист, тўғри сўз, ғоят самимий, дилкаш инсон сифатида иззат қилишарди. У киши чуқур мушоҳадали, тиниқ фикрли, юмшоқ табиатли инсон сифатида дўстлари, ҳамкасблари қалбида ҳам ўчмас из қолдирганди. Тохир ака эркин бахс юрита оладиган, суҳбатдошининг кайфиятига қараб муомила қиладиган, сезгир қаламкаш эди. У мақолаларининг қаҳрамонлари билан яқиндан, юзма-юз танишиб, далил ва рақамларни “ипидан-игнасигача” ўрганиб, тафсилотларни асл ҳолича қоғозга туширарди. Т.Каримовнинг илк ахборотлари Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида чоп этиладиган газеталарда нашр этилган. У ўша даврда илк томошаларни кўрсата бошлаган Каттақўрғондаги “Кўк кўйлакчилар” драма труппасининг ҳам фаол иштирокчиси эди. Иккинчи жахон уруши бошлангач, Тохир Каримов ихтиёрий равишда жангга отланди. Жанггоҳларда қурол-у қалам билан шижоат кўрсатди. 1943-йилнинг охирида оғир яраланиб қайтган Тохир ака “Каттақўрғон ҳақиқати”, “Октябр учқуни” газеталарида бўлим мудири, масъул котиб, муҳаррир вазифаларида ишлади. Унинг бу хизматлари муносиб бахоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилганлиги Яздон Худайқуловни саҳна асари яратишига туртки бўлган. “Армон” саҳна асари Каттақўрғон ўғлони Улуғбек Барноев хотирасига бағишланган. Забардаст журналистлар Тохир Каримов, Файзулла Нуруллаев, Мели Қобулов, Рахимжон Сатторов, Муқим Элмуродов, Самариддин Сирожиддинов, Марди Нуриддиновлар билан ҳамкор, ҳамнафас қалам тебратган. Таниқли журналист Азим Қодиров ҳам ўз хотираларида Тохир бобом ва Яздон тоғам ёнларида юриб журналистика соҳасига илк қадам қўйганлигини, уларнинг ҳаёт йўллари ибрат мактаби бўлганлигини таъкидлаганлар. Бугун бу инсонлар орамизда йўқ, лекин уларнинг қилган эзгу ва савобли ишлари ҳамиша хотирамизда яшайди ва келажак авлодга ибрат бўлади.
Ф. РАХИМОВА, вилоят Кенгаши депутати.