Қонун ижроси — адолат ва барқарорлик гарови

Жамиятда адолатни қарор топтириш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишда қонуннинг устуворлиги ва унинг сўзсиз ижро этилиши энг муҳим шартдир. Суд томонидан чиқарилган ҳар бир қарор ёки ҳукм жамиятда адолат ва тартибни таъминлашга хизмат қилади. Аммо адолатнинг тўлиқ қарор топиши фақат қарор чиқариш билан эмас, балки унинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши билан белгиланади. Амалиётда суд қарори қанчалик адолатли ва асосли бўлмасин, агар у қоғозда қолиб кетса, ўз мақсадига эришмайди.
Қонун ижроси — бу шунчаки расмиятчилик ёки мажбурият эмас, балки фуқароларнинг давлатга, қонунчиликка ва одил судловга бўлган ишончининг асосидир. Суд ҳужжатлари ва қонун талабларининг ижро этилмаслиги ҳуқуқбузарликка шароит яратади ва, энг ачинарлиси, инсонларнинг адолатга бўлган ишончини сусайтиради. Шу боис, суд қарорларининг сўзсиз ва муддатида бажарилишини таъминлаш нафақат Мажбурий ижро бюроси ва тегишли давлат органларининг, балки ҳар бир мансабдор шахс ва фуқаронинг муқаддас бурчидир.
Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича суд жараёнларида қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш, фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш асосий мезонга айланган. Мулкни қайтариш, алимент ундириш, уй-жой ёки меҳнат ҳуқуқларини тиклаш каби ҳар бир суд қарори ортида инсон тақдири, унинг эртанги кунга бўлган ишончи ва жамият фаровонлиги турганини зинҳор унутмаслигимиз лозим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қонун устувор бўлган ва унинг ижроси тўлиқ таъминланган жамиятдагина барқарор тараққиёт, тинчлик ва ижтимоий адолат қарор топади. Қонунга ҳурмат билан қараш ва унга қатъий амал қилиш эса ҳар биримизнинг юксак фуқаролик бурчимиздир.
Шуҳрат ҒУЛОМОВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan