САМИМИЙ МУНОСАБАТЛАР – ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ АСОСИ

Қайнона ва янги келин ўртасидаги самимий муносабатлар — хонадонларимиз фаровонлиги ва оилавий бахтнинг энг муҳим пойдеворларидан биридир. Оила тинчлиги, тотувлиги ва мустаҳкамлиги кўп жиҳатдан ана шу икки инсон ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, сабр-тоқат ва бир-бирини тушунишга боғлиқ.
Янги келин ўзга хонадонга қадам қўяр экан, мутлақо янги муҳит ва турмуш тарзига мослашиш каби масъулиятли босқични бошдан кечиради. Бу нозик даврда қайнонанинг меҳрибонлиги, бағрикенглиги ва оқилона маслаҳатлари келинчакка катта суянч бўлади. Қайнона ўз ҳаёт тажрибаси билан келинга йўл-йўриқ кўрсатиб, уни камситмасдан, тушунган ҳолда тарбияласа, келин янги оилага тез ва бекўнгил мослашиб кетади.
Ўз навбатида, келин ҳам қайнонага чин дилдан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, хонадон анъаналари ҳамда қадриятларини эъзозлаши лозим. Оила аъзоларининг кўнглига йўл топиш, катталарнинг дуосини олишга интилиш — келиннинг ақл-зироати ва одобидан далолат беради.
Ҳар қандай оилада турли қарашлар, фикрлар ва баъзан тушунмовчиликлар бўлиши табиий ҳол. Ҳаёт бор жойда камчилик ҳам, турли феъл-атвор ҳам бўлади. Муҳими, кичик келишмовчиликларни вазминлик ва босиқлик билан ҳал этиш, бир-бирини сабр билан тинглашдир. Масалаларни гина-кудуратсиз, очиқ ва самимий мулоқот орқали ҳал қилиш оиладаги аҳиллик ва ишончни янада мустаҳкамлайди.
Қайнона келинга ўз қизидек, келин эса қайнонага ўз онасидек эҳтиром ва меҳр кўрсатса, ушбу хонадонда ҳақиқий файз ва ҳамжиҳатлик муҳити қарор топади. Бундай соғлом муҳит эса дунёга келадиган фарзандларнинг комил ва ахлоқли бўлиб улғайиши, оиланинг чинакам бахт-саодати учун энг муҳим шартдир.
Қайнона ва келин ўртасидаги самимий ва мустаҳкам муносабатлар — бутун бир оиланинг тинчлиги, осойишталиги ва тотувлигини таъминловчи олтин кўприкдир.
Ў. ЮСУПОВА,
шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan