ХОТИРА ВА 60 ЙИЛЛИК ШОДИЁНАСИ

Каттақўрғон шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда таълим муассасасининг 60 йиллик юбилейи муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тиббиёт университети вакиллари, техникум раҳбарияти, фахрий устозлар, соҳа ветерандари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида Ватан озодлиги ва халқ тинчлиги йўлида жон фидо қилган аждодлар хотираси ёд этилиб, хотира ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Бу эса ўтганларга эҳтиром ва инсон қадрини улуғлашнинг яна бир ифодаси бўлди.
Тадбирда сўз олган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова бу каби учрашувлар ёш авлодни ватанпарварлик, фидойилик ва устозларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, техникумнинг ўтган 60 йил давомида соғлиқни сақлаш тизими учун малакали кадрлар тайёрлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани алоҳида эътироф этилди.
Кўп йиллар давомида таълим ва тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ фидойи устозлар шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тиббиёт университети масъуллари томонидан ҳам техникум жамоаси ва устоз-мураббийларга кўкрак нишонлари ҳамда совғалар топширилди.
Тадбир доирасида техникумнинг 60 йиллик шарафли тарихи, унинг таълим тизимидаги ўрни ва юртимиз тиббиёти учун етук мутахассислар тайёрлашдаги хизматлари алоҳида тилга олинди. Муассасанинг турли йиллардаги фаолияти акс этган кўргазмалар ва эсдалик материаллари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Байрам тадбири санъаткорларнинг мусиқий чиқишлари, техникум ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва ватанпарварлик руҳидаги чиқишлар билан янада кўтаринки руҳда давом этди. Ижодий дастурлар йиғилганларга унутилмас таассурот бағишлади.
Тадбир сўнггида иштирокчилар байрам дастурхони атрофида самимий мулоқот қилиб, устозлар меҳнати ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган бундай учрашувлар барчада илиқ таассурот қолдирганини таъкидладилар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan