БОТУЛИЗМДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
Бугунги кунда аҳоли орасида уй шароитида тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб юқори. Айниқса, қиш мавсуми учун тайёрланадиган турли консервалар, тузламалар ва маринадлар хонадонларимиз дастурхонидан мустаҳкам ўрин олган. Албатта, бундай маҳсулотлар табиийлиги ва мазаси билан ажралиб туради. Бироқ уларни тайёрлаш ва сақлашда йўл қўйилган кичикгина хатолик ҳам саломатлик учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Ана шундай хавфли касалликлардан бири — ботулизмдир.
Ботулизм — инсон организмига ботулотоксин тушиши натижасида юзага келадиган оғир ва ҳаёт учун хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Унинг қўзғатувчиси бўлган бактериялар ҳавосиз муҳитда, яъни герметик ёпилган банкаларда тез кўпайиб, кучли заҳар ишлаб чиқаради. Бу заҳар ҳатто жуда кам миқдорда ҳам инсон ҳаёти учун хавфлидир.
Касаллик, асосан, уй шароитида тайёрланган гўшт, балиқ, қўзиқорин ва сабзавот консерваларини истеъмол қилиш натижасида келиб чиқади. Айрим ҳолларда нотўғри сақланган ёки муддати ўтган маҳсулотлар ҳам касаллик манбаи бўлиши мумкин.
Ботулизмнинг дастлабки белгилари оддий заҳарланишга ўхшаб кетади. Бироқ вақт ўтиши билан қуйидаги аломатлар кузатилади:
кўришнинг хиралашиши ёки иккиланиб кўриш;
оғиз қуриши, чанқоқликнинг ортиши;
нутқнинг ноаниқлашиши;
ютиш қийинлашиши;
умумий ҳолсизлик ва чарчоқ.
Касалликнинг энг хавфли жиҳати шундаки, у асаб тизимига таъсир қилиб, нафас олиш мушакларининг фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, юқоридаги белгилар кузатилганда дарҳол тиббий муассасага мурожаат қилиш зарур.
Мутахассислар ботулизмнинг олдини олишда қуйидаги қоидаларга амал қилишни тавсия этадилар:
уй шароитида консервалар тайёрлашда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя қилиш;
маҳсулотларни тозалаб, етарлича иссиқликда қайта ишлаш;
шишиб кетган, қопқоғи кўтарилган ёки ҳиди ўзгарган банкаларни мутлақо истеъмол қилмаслик;
консерваларни очгандан сўнг уларни қайта қайнатиб истеъмол қилиш;
озиқ-овқат маҳсулотларини белгиланган ҳароратда ва шароитда сақлаш.
Шунингдек, бозор ва дўконлардан харид қилинаётган консерваларнинг ишлаб чиқариш санаси, сақлаш муддати ва қадоқ ҳолатига эътибор қаратиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Унутмаслик керакки, ботулизм — олдини олиш мумкин бўлган, аммо эътиборсизлик оқибатида оғир асоратларга олиб келувчи касалликдир. Ҳар биримиз кундалик ҳаётимизда озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий ёндашсак, бундай хатарларнинг олдини олишимиз мумкин.
Эсда тутинг: эҳтиёткорлик ва тозалик — соғлом ҳаётнинг мустаҳкам кафолатидир!
Н.Шарипов, Самарқанд вилоят ФВБ
Каттақўрғон шаҳар Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқув маркази ўқитувчиси.







