ОИЛАДА ҚИЗЛАР ТАРБИЯСИ
Оилада қизлар тарбияси — бу нафақат бир шахснинг, балки бутун келажак авлоднинг, миллатнинг тарбиясидир. Шарқона қадриятларимизда қиз болага бўлган эътибор ҳамиша юксак бўлиб келган. Зеро, “Бир ўғил болани ўқитсангиз — бир кишини ўқитган бўласиз, бир қиз болани ўқитсангиз — бутун бир оилани ўқитган бўласиз”, деган ҳикматда чуқур маъно бор. Қиз бола — бўлажак она, хонадон бекаси, фарзандлар мураббийсидир.
Энг аввало, қиз болада ўз қадр-қиммати ва ўзига бўлган ишонч туйғусини шакллантириш муҳим. Уни тинглаш, фикрига ҳурмат билан қараш, ютуқларини рағбатлантириш келажакда мустақил, қатъиятли ва кучли шахс бўлиб вояга етишига замин яратади. Ҳаддан ташқари чеклов ва босим эса, аксинча, унинг ички имкониятларини сўндириши мумкин.
Бугунги замон қизларидан нафақат яхши уй бекаси бўлиш, балки юксак интеллектуал салоҳият ҳам талаб этилади. Шу боис, уларни илм олишга, китобхонликка, чет тиллари ва замонавий касбларни эгаллашга йўналтириш зарур. Илмли ва маърифатли она — жамият таянчи.
Қиз боланинг ҳаётида отанинг ўрни беқиёс. Отанинг меҳри, ҳимояси ва эътибори қиз боланинг келажакдаги оилавий муносабатларига бўлган қарашини шакллантиради. Етарли меҳр кўрган қиз ўз қадрини билади ва сохта эътиборга алданмайди. Шунингдек, иффат, ҳаё ва одоб-ахлоқ тарбияси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кийиниш маданияти, муомала одоби, ўзини тутиш — буларнинг барчаси ички тарбиянинг ифодасидир. Бу тушунчалар қўрқув эмас, балки онгли равишда ўз қадрини англаш асосида шакллантирилиши керак.
Қиз болага рўзғор тутиш, саранжом-саришталик, сабр-тоқат ва мулоқот маданиятини ўргатиш ҳам ҳаёт мактабининг муҳим қисми ҳисобланади. Чунки у келажакда янги муҳитга мослаша оладиган, вазмин ва доно аёл бўлиб етишиши лозим.
Қизлар тарбияси — заргарлик буюмига ишлов беришдек нозик ва масъулиятли жараён. Уларга берилган меҳр, тўғри тарбия ва пухта билим келажакда мустаҳкам оила ва барқарор жамият бўлиб қайтади. Мақсадимиздан — ҳам замонавий билимли, ҳам миллий қадриятларимизга содиқ, руҳан ва жисмонан соғлом қизларни вояга етказишдир.
М. ТУРСУНОВА, шаҳар 3-сон техникум психологи.









