ЭЪТИРОФ

“Ватан ҳимоячилари куни” байрами муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Каттақўрғоннинг мард, жасур ўғлони Улуғбек Барноевнинг онаси Сабоҳат Барноева ҳамда отаси Абдулла Барноевнинг кўксига “Ватан ҳимоячисининг онасига”, “Ватан ҳимоячисининг отасига” медалларини тақиб қўйди.

Залда ўтирган кўпчиликнинг юраги зирқираб, кўзлари ёшга тўлган бўлса, ажабмас. Улуғбек Барноевнинг ота-онасига юборилган мактубда шундай сўзлар битилган эди:

✉️ ТАШАККУРНОМА

“Ҳурматли Сабоҳат опа, Ҳурматли Абдулла ака!

Сизни 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этамиз. Ватанга садоқат, жасорат ва фидоийлик руҳида тарбия берган фарзандингиз Барноев Улуғбек Абдуллаевичнинг ёрқин хотираси олдида таъзим бажо келтирамиз.

Марҳум фарзандингиз ўз бурчини виждонан адо этиб, Ватан тинчлиги ва халқ осойишталиги йўлида мардлик ва матонат намуналарини кўрсатди. Унинг жасорати, хизматдаги садоқати ва фидоийлиги доимо қалбимизда фахр ва ҳурмат билан ёдга олинади.

Сиз каби ота-онанинг сабри, матонати ва Ватанга содиқ авлодни тарбиялаганингиз юксак эҳтиромга лойиқдир. Фарзандингизнинг муборак хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди. Сиздек каби ота-онанинг меҳнати ва тарбияси натижасида Ватанга муносиб фарзанд етишиб чиққани учун Сизларга самимий миннатдорчилик билдирамиз.

Сизнинг юксак меҳнатингизни қадрлаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Махсус операциялар кучлари қўмондонлиги томонидан “Ватан ҳимоячисининг онасига” (жумладан отасига ҳам) медали билан тақдирланганингиз муносабати билан табриклаймиз. Сизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва хонадонингизга тинчлик, фаровонлик тилаймиз. Фарзандингизнинг хотираси доимо қалбимизда мангу яшайди!”

Ҳурмат билан, 23241-ҳарбий қисм командири, подполковник М.Саидов. 2026 йил 13 январ.

Зеро, бу нишонларни Улуғбекнинг ўзи ғурур билан тақиб юрса бўлмасмиди? Бўлмади… У Ватан сарҳадларини душманлардан ҳимоя қилишда мардларча ҳалок бўлди. У Ватан тупроқларига ёғийнинг ифлос қадами етмасин, тегмасин деди.

У йигитлик шаъни билан, навқирон йигитлик қони, жувонмарг бўлган йигитлик жони билан ҳимоя қилди Ватанини. Ватанимизда отаётган оппоқ оқ тонгларга ғанимлар раҳна солмасин деди. Беғубор осмонимизни қора булутлар, қора тутунлар қопламасин деди, ширин жонини Ватан йўлида қурбон қилди.

Минг афсус, у кўрмади, Ватан тупроғида қип-қизил қонидан униб чиққан алвон лолаларни кўрмади. Жабрдийда онаси кўрди, қалби пора отаси кўрди. Ой кўрди, осмон кўрди. Қуёш кўрди, кўз ёш кўрди…

Каттақўрғоннинг мард ўғлони, жасур ўғлони Улуғбек Барноевнинг ёрқин хотираси абадий ўчмасдир.

Эркатош ШУКУРОВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan