“У БУТУН УМР ТЕАТР ДЕБ ЯШАДИ”- РЕЖИССЁР БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВ ҲАЁТИГА НАЗАР

Шундай инсонлар борки уларнинг хотиралари қалбларда мангу яшайди. Ўзидан улкан адабий мерос қолдирган Каттақўрғон фарзанди Баҳодир Йўлдошевни ҳам ана шундай инсонлардан бири десак адашмаймиз.
Каттақўрғон шаҳар Драма театрида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти, режиссёр Баҳодир Йўлдошев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотира кечасида ижодкорни буюк истеъдод ва иқтидор эгаси сифатида хотирладилар.
Тадбирда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, жамоатчилик вакиллари, ижодкорлар ва талаба ёшлар иштирок этдилар.
Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Баҳодир Йўлдошевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритар экан, унинг санъат ва маданиятни ривожлантиршга қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Театр актёрлари ҳам Баҳодир Йўлдошевнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ўзларининг самимий дил изҳорларини билдирдилар ҳамда ширин хотираларни эсга олдилар.
Баҳодир Йўлдошев 1945-йил 7-сентябрда Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида яъни, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ширин (Сорахон) Мелиева ва актёр Турсун Йўлдошевлар оиласида дунёга келган. Меҳнат фаолиятини Ўзбек давлат академик драма театри артисти лавозимида бошлаган. Йигирма етти ёшида ушбу нуфузли театрга бош режиссёр ва бадиий раҳбар этиб тайинланган.
1984-2004 йилларда Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолият кўрсатган.
Халқимиз қалбидан жой олган кўплаб спектаклларга режиссёрлик қилган Баҳодир Йўлдошев, мамлакатимизнинг турли саналарига бағишланган байрам томошаларини ҳам саҳналаштирган.
Баҳодир Йўлдошевнинг самарали фаолияти эътироф этилиб, «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» фахрий унвонлари, «Меҳнат шуҳрати», «Фидокорона хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати», “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Тадбир давомида Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган спектакллардан парчала намойиш этилди.
Албатта, серқирра ижодкор Баҳодир Йўлдошевнинг ҳаёт ва ижод йўли кўплаб маданият ва санъат соҳаси вакиллари учун катта маҳорат ва ибрат мактаби бўлган,- десак адашмаймиз.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек ўзбек халқининг буюк санъаткор фарзанди, бетакрор шахс, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Баҳодир Йўлдошевнинг ёрқин хотираси барча яқинлари, шогирдлари ва мухлислари қалбида ҳамиша сақланиб қолади.
Ҳилола ЭРГАШЕВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan