КАТТАҚЎРҒОНДА МУСТАҚИЛЛИКНИНГ 34 ЙИЛЛИГИ НИШОНЛАНДИ

Давлатимиз Мустақиллигининг 34 йиллик шодиёнлари Каттақўрғон шаҳрида ҳам кўтаринки тарзда ўтказилди. Буни “Дўстлик” ўйингоҳига байрам муносаати билан жам бўлган каттақўрғонликарнинг юзларидаги шодлик ва эртанги кунга бўлган ишонч ҳиссининг акс этиб турганиб мисолида ҳам кўришимиз мумкин. 

“Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида ташкил қилинган тадбирда шаҳар ҳокимлиги, идора ва ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, шаҳримиз аҳолиси иштирок этди.

Тадбирни шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова кириш сўзи билан очиб берди ҳамда барчани энг улуғ ва энг азиз байрам билан муборакбод этди. 

-Барчангизни қутлуғ айём – энг азиз ва энг улуғ байрамимиз Ватанимиз Мустақиллигининг 34 йиллик шодиёнаси билан самимий муборакбод этаман. Бу йил юртимизда Давлатимиз Мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик тантаналари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида нишонланаётгани бежизга эмас. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида Ватанимиз ривожи, халқимизнинг фаровонликда ва бахтиёрликда яшашини таъминлашдек эзгу ғоялар мужассам.

Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, Янгиланаётган Ўзбекистонда янгича қиёфа акс этаётган Каттақўрғон шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда, дея таъкидлади шаҳар ҳоким ўз сўзида. Шундан сўнг шаҳримизни ижтимоий –иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларида муносиб ҳисса қўшган тадбиркорларга шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.

Шуни алоҳида айтиш жоизки  ўтган йилда ёшларимиз ҳам кўплаб республика ва халқаро миқёсдаги ютуқларни қўлга киритдилар. Тадбирда ана шундай ёшлардан спорт бўйича Осиё ва Жахон чемпионларига ҳам шаҳар ҳокимлигининг совғалари ҳамда ҳомий тадбиркорнинг пул мукофотлари тақдим этилди. 

Тадбир куй-қўшиқларга уланиб кетди. Ҳарбий қисм ҳарбий хизматчиларининг кўргазмалари, маданият бўлими хонандаларининг мусиқий чиқишлари тадбир иштирокчилари томонидан олқишлар билан кутиб олинди.

Пойтахтдан ташриф буюрган элимиз суйган, ёш ва истеъдодли санъаткорлар томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи ажойиб куй ва қўшиқлар айниқса, тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади. 

Ўйингоҳ узра таралаётган куй ва қўшиқларга ҳамоҳанг тарзда рақсга тушган ҳамшаҳарларимизнинг қалбларида  байрам шукуҳи бир умрга муҳрланди,- десак мболаға бўлмайди.   

Азизлар барчангизни Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги билан муборакбод этамиз. Илоҳим юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan