Iyun 13, 2025

KATTAQO'RG'ON TONGI

M: Kattaqo’rg’on shahri, Amir Temur ko‘chasi, 4-uy. Tel: 66 455-24-95

Каттақўрғон шаҳрида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди

Каттақўрғон шаҳрида “Оила-маънавият ва инсонпарварлик маскани” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Каттақўрғон шаҳар ҳокимияти ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуман 15-май – Халқаро оила куни муносабати билан юртимизда 10-майдан –10-июнга қадар эълон қилинган “Фаровон оила сари” ойлиги доирасидаги тадбирлардан ҳисобланади.
Конференцияда Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Олий Мажлис Сенати аъзолари, республикамизнинг оила масалалари бўйича етакчи педагог, психолог олимлари, вилоят ҳамда шаҳар кенгаши депутатлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.


Конференция ишини Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова очиб берди. Шундан сўз сўз олган Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова юртимизда оилалар масаласида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳақида сўз юритар экан “Давлатимиз Раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар асосида яратилган ва мунтазам такомиллашиб бораётган тизим оилаларни самарали механизм асосида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, мустаҳкамлиги ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.
Конференцияда Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова томонидан шаҳарда оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва истиқбол вазифалар ҳақида тақдимот намойиш этилди.


Шунингдек, Конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева ва институтнинг бошқа олимлари, профессор ўқитувчилар ва психологларнинг оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий қадриятларни асраш, фарзанд тарбияси, ота- оналик масъулияти масалаларидаги маърузалари тингланди.


Конференция якунида “Оила-маънавият ва инсонпарварлик маскани” мавзусидаги илмий-амалий конференциясининг резолюцияси ўқиб эшиттирилди.


Шунингдек, иштирокчилар шаҳар бўйлаб саёҳат давомида кейинги йилларда Каттақўрғон шаҳрида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантриш, йўл инфратузилмасини, аҳоли фаровонлигини яхшилаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишдилар.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Каттақўрғон сув омборида ташкил қилинган “Маданият ва эко – туризм” кластерининг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Ҳилола Эргашева.