Сув ҳавзаларидаги яширин хавф ёхуд сониялар ичида ҳаёт қутқариш сирлари
Ёз фасли келиши билан барчамиз сув ҳавзалари томон ошиқамиз. Бироқ оддийгина эҳтиёткорликни унутиш оғир бахтсиз ҳодисага — сувга чўкишга сабаб бўлиши мумкин. Статистика шуни кўрсатадики, сувга чўкиш нафақат сузишни билмаслик, балки узоқ сузиб чарчаш, маст ҳолатда ўзини идора қилолмаслик, офтобда узоқ қизиб туриб сувга тўсатдан сакраш ва нотаниш жойларга калла ташлаб, бош ёки бўйиндан оғир жароҳат олиш оқибатида ҳам содир бўлади. Бундай вазиятда инсон танасида оғир патологик ўзгариш — гипоксия, яъни кислород етишмаслиги бошланади.
Қизиғи шундаки, тиббиётда сувга чўкиш бир неча турга бўлинади. Одам охирги сониягача ҳаёт учун курашадиган ва ўпкаси сувга тўладиган чин чўкишдан ташқари, «қуруқ» ва «синкопал» чўкиш турлари ҳам мавжуд. «Қуруқ» чўкишда инсон тўсатдан ҳушидан кетади ва ҳиқилдоққа озгина сув тегиши билан товуш бойламлари спазм бўлиб, нафас йўлини ёпиб қўяди, натижада ўпкага сув ўтмаса-да, ҳаво ҳам кирмайди. Синкопал чўкишда эса нафас билан бирга юрак ҳам бир сонияда тўхтайди ва қон томирлари қисилиб, тери ранги оппоқ оқариб кетади. Бу ҳолат кўпинча совуқ сувда кузатилиб, совуқ сув танадаги моддалар almashinuvini секинлаштиргани боис, қутқарилган одамни қайта тирилтириш эҳтимоли бирмунча юқори бўлади.
Сувдан чиқарилган жабрланувчига шифокор етиб келгунига қадар қирғоқнинг ўзидаёқ зудлик билан ёрдам кўрсатиш шарт. Агар бемор ҳушида бўлса, уни тинчлантириб, ҳўл кийимларини ечиш ва баданини қуруқ қилиб артиб, иссиқ кийинтириш кифоя. Ҳушидан кетган, лекин юраги ураётган одамга нашатир спирти ҳидлатилиб, нафасини осонлаштириш учун тилидан тез-тез тортиб турилади. Агар юрак ва нафас тўхтаган бўлса, биринчи сонияларданоқ беморни қорни билан қутқарувчининг тиззасига ётқизиб, бошини пастга осилтган ҳолда ўпка ва меъдадаги сув тўкиб ташланади. Сўнгра оғиз бўшлиғи қум ва лойдан тозаланиб, зудлик билан «оғиздан-оғизга» ёки «оғиздан-бурунга» сунъий нафас бериш ҳамда юракни ёпиқ массаж қилиш бошланади. Шу билан бирга танани уқалаб иситиш чоралари кўрилади ва бу қутқарув ишлари малакали тиббий ёрдам етиб келгунига қадар бир лаҳза ҳам тўхтатилмайди.
Каттақурғон шахар ФВБ бошлиғи уринбосари майор Ж.Мухаммадиев
Каттақурғон шахар ФВБ ФВПБ катта инспектори катта лейтенант С.Саматов






