Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи ҳақида сўз юритишдан олдин “Конституция нима?” деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.

Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

“Конституция” атамаси Қадимги Римдаёқ маълум бўлган (император Конституцияси деб аталган қонун). Амир Темур “Тузуклар”и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.

Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига комил ишонч ҳосил қиламиз.

Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этган.

Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.

Шу ўринда Суверен Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги 10 та ҳуқуқий қадамни бу борадаги энг муҳим тарихий воқеалар сифатида санаб ўтиш лозим. Зотан, Конституцияни яратиш тарихи – бу мустақиллик учун курашнинг узвий таркибий қисмидир.

Биринчи Президентимиз Конституциявий комиссия иш бошлаши билан мамлакатимизнинг ўзига хос жиҳатларини ва хусусиятини муносиб равишда акс эттирадиган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, жаҳон тажрибасини, демократия ва энг ривожланган мамлакатлар конституциявий қонунчилиги эришган ютуқларни инобатга оладиган Асосий Қонун лойиҳасини тайёрлашга бевосита раҳбарлик қилди.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда Биринчи Президентимиз буюк давлат ва жамоат арбоби, истеъдодли сиёсий етакчи сифатида намоён бўлди. Шу маънода, Ўзбекистон Конституциясининг ташаббускори, илҳомлантирувчиси ва асосий муаллифи мамлакат Биринчи Президенти ҳисобланади.

Бинобарин, тақдир Ислом Каримов зиммасига жамиятни янгилаш, ўтиш даврининг мураккаб шароитида давлатимизни ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, давлат-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий жиҳатдан ривожлантиришнинг пишиб етилган муаммоларини ҳал қилиш, жумладан, бўлажак мустақил юрт Конституциясини яратиш каби тарихий вазифаларни юклаган эди.

Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам – Биринчи Президентимизнинг Ҳиндистонга 1991 йилги ташрифи билан чамбарчас боғлиқ.

Айтиш керакки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 17-19 август кунлари “Ҳиндистон Республикасига расмий ташрифи Ўзбекистон Президентининг хорижга қилган биринчи мустақил – тарихий ташрифи эди”.

Яқин ўтмишнинг бу воқеаларини эслаш ва эслатишдан муддао эса янги Конституциямизни яратиш йўлидаги курашлар мустақиллик учун курашнинг узвий, ажралмас қисми эканлигини эътироф этишдан иборат. Зеро, биз ўз истиқлолимизни қандай қийинчиликлар билан, қандай синов ва суронли курашлар билан қўлга киритган бўлсак, Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш йўлида ҳам худди шундай мураккаб синовларни бошдан кечирдик.

Бир сўз билан айтганда, истиқлол арафасида вужудга келган оғир шароит, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий қийинчиликларга, турли тўсиқларга қарамасдан, халқимиз Биринчи Президент Ислом Каримов бошчилигида ўзининг асрий орзуси – Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллиги сари қатъият билан ҳаракат қилишда давом этди.

Ўша беором даврда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида акс этган муҳим ҳуқуқ ва қоидалар кейинчалик Конституциямизнинг асосий бўлим, боб ва моддалари сифатида мустаҳкамланди.

Самарқанд вилоят судининг судьяси

НАБИЕВ ОТАБЕК

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

ОЛТИБОЕВ АБДИҲАКИМ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan