Бир олим шогирдига анча йил таълим берди, тарбия қилди. Ўқиш муддати тугагач,  шогирдига: “Эртага яхши кийиниб, вақтлироқ ҳузуримга келинг. Сизга берадиган ҳадям бор”, деди.

Эртасига  шогирд  айтилган вақтда чиройли либосларда устозининг ҳузурига келди. Устози унга: “Олимлик муборак бўлсин!” дея тўн кийдириб,  фотиҳа  берди. Яна китоб ва бироз пул ҳам тутқазди. Сўнгра… шогирдининг юзига тарсаки туширди!

Бу ҳолатдан шогирднинг жаҳли чиқиб: “Нега мени урасиз? Тўн кийдириб, дуо қилиб, сўнг урганингиз нимаси?” деди.

   Устоз эса ҳеч нарса демади.

Орадан  маълум вақт ўтиб, шогирд шаҳарнинг бош қозиси бўлди. Кунлардан бир кун устоз ҳол-аҳвол сўраб, шогирдининг олдига келди. Шогирд устозини кутиб олиб, салом-алик қилди. Шогирд суҳбатлашиб турса-да, ҳеч очилиб, яйраб ўтирмасди.

Устоз кетар чоғида шогирд охири дилидагини тилига чиқарди:

– Устоз, ўшанда, сиз билан хайрлашаётганимда не сабабдан тарсаки тушургандингиз ?  Нима айб қилгандим?

– Тўн кийдирганим эсингдан чиқдими? Китоб, пул берганим-чи? Битта шапалоқни унутмабсан-да? Энди мени эшит. Мана, қози бўлдинг. Нотўғри чиқарган ҳар бир ҳукминг – маҳкумга нисбатан зулмдир. Сен битта шапалоғимни шунча йил  унутмаганинг каби зулм қилиб чиқарган ҳукмингни ўша одам ўлгунича унутмайди, қарғаб ўтади. Тарсакини сенга ибрат учун туширгандим, – дея жавоб берди устоз.

(«Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» китобидан)

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон

шаҳар судининг раиси

Олтибоев Абдихаким

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман

судининг раиси

Абдураззаков Абдусаттор

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan