Жамият ривожланиши билан бир қаторда йўлларда ҳаракатланиш тартиб тамоиллари ҳам ўзига хос кўриниш аҳамият касб этмоқда.

Жамиятда яшовчи барча фуқаролар йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини билишлари, риоя этишлари шарт бўлиб, барча, хоҳ ҳайдовчи бўлсин, хоҳ пиёда Йўл ҳаракати қоидалари иштирокчиси ҳисобланади.
Кейинги вақтларда Йўл ҳаракати қоидаларини билмаслик, уларга риоя этмаслик оқибатида кўплаб йўл-транспорт ҳодисалари содир этилиши натижасида оғир оқибатлар, жумладан одам ўлими юзага келаётганлиги кўплаб учрамоқда.
Мавзудан бир оз чекиниб ҳамда айрим муштарийлардан узр сўраган ҳолда бир қатор “урф” га айланиб улгурган, тўғрироғи “маданиятсизлик” авж олган салбий ҳолатлар хусусида тўхталиб ўтмоқчиман.
Хусусан, йўлда, транспорт воситасида хох ҳайдовчи, хоҳ йўловчи сифатида бирор манзилга кетаётганда, йўлнинг четки қисмида йўл ҳаракати қатнашчилари бўлган шахс (узр, инсон дея олмайман) нинг бемалол барчанинг кўз ўнгида кичик ҳожат чиқариб турганлигига гувоҳи бўлмаган инсонлар қолмаган бўлса керак. Айниқса, ёнида ота-онаси, аёли, қизи ёки бирор яқин инсони бўлса, уятдан ерга кириб кетгудек бўзариб, хожатини чиқараётган шахсни бутун уруғ-аймоғини эслаб олдидан ўтади.
У шахсга эса умуман фарқи йўқ, барчага беписандларча ишини давом эттираверади.
Ёинки, транспорт востасида, айниқса кейинги вақтда урфга айланган юк автомашинаси ҳайдовчиси, ортидан ҳаракатланаётган барча транспорт воситаларига халал қилиб, асосий йўлда бемалол ўз йўналиши охиригача ҳаракатланиш урфга айланган. Мабодо, ушбу транспорт воситасининг ортидан ҳаракатланиб, йўл бериш сўралган тақдирда ҳам, умуман йўл берилмайди ёки автомашинасининг чапга бурилиш ишорасини ёқиб, бамайлихотир йўлида ҳаракатланишда давом этаверади.
Шу каби, светафорнинг қизил чироғида тўхтаб турган пайтда ёки транспорт воситасида ҳаракатланиб кетаётганда, ҳайдовчи ёки йўловчи автомашинанинг эшигини очиб ерга нос тупуриши, бунга ҳам қаноат ҳосил қилмасдан оғзига сув олиб, ғарғара қилиб, ерга тупуриши жуда ҳам “чиройли” кўриниш касб этган.
Ёинки, ҳайдовчи ёки йўловчи чаққан пистанинг пўчоғини, бўшаган елим идишларни ерга улоқтириши, автомашинасига ўрнатилган инсонни сескантирадиган товуш мосаламаларини ёққан ҳолда автомашинани бошқариши ва ҳоказолар.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Бу ҳолатлар ҳайдовчиларнинг, йўл ҳаракати қатнашчиларининг бир бирига ҳурмати, маданият даражаси нақадар паст эканлигини ифодаламайдими?
Шу каби ҳолат натижасида юзага келган транспорт воситаси билан боғлиқ йўл улов ҳодисаси, унинг хунук оқибатлари хусусида тўхталиб ўтмоқчиман.
2022 йил қиш фаслининг охирги кунлари. Абдулла “ВАЗ-2107” русумли автомагистраль йўлда жойлашган АЁҚШ дан автомашинасига ёқилғи қуйиб қишлоғидаги уйига қайтмоқда. Уйига бориш учун 3 километрлар масофадан сўнг ортига қайрилиб, қарама-қарши йўналишга ўтиш керак бўлади. Абдуллага йўлнинг асосий қисмида ҳаракатланиш маъқул келдими, автомашинасини асосий йўлда бошқариб ҳаракатланиб кетар эди.
Шу вақт унинг ортидан Темур бошқарувидаги қора рангли Ласетти русумли автомашинасида келди ва автомашинасининг узоқни ёритувчи чироқларини ёқиб ўчириб, Абдулладан ҳаракатланиши учун йўл беришни сўради. Бироқ Абдулла бунга парво ҳам қилмасдан, “керак бўлса айланиб ўт” дея ёнидаги шеригига илжайиб қаради ва автомашинасининг чапга бурилиши ишорасини берувчи чироғини ёқиб ўз йўлида давом этди. Абдулланинг беписандлигидан жаҳли чиққан Темур Абдулланинг автомашинасининг ўнг томонидан қувиб ўтиб, паралел ҳолатда йўлда ҳаракатланишда давом этди ва бир бирлари билан автомашинасининг ойналарини тушириб, ким ҳақу, ким ноҳақлиги хусусида даҳанаки тортишувни бошлашди. Иккала йигит ҳам қизиққон эканми, бирдан автомашиналарининг тезлигини жуда ҳам пасайтириб, ортидан ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг ҳаракатланишларига ҳам парво қилмасдан, ҳеч кимга йўл бермасдан, тортишар эди.
Ушбу автомашиналарнинг ортидан ҳаракатланаётган оқ рангли “Ласетти” русумли автомашина ҳайдовчиси Олим бир неча бор сигнал чалиб, йўл беришни сўради, бироқ наф бўлмади. Натижада Олим ҳам автомашинасини тормозини босиб, йўлнинг ўрта қатнов қисмида автомашинасини тўхтатишга мажбўр бўлди.
Бу вақт, Олимнинг ортидан ҳаракатланаётган юк автомашинаси ҳайдовчиси Равшан олдида ҳаракатланаётган транспорт воситасини бирдан тўхташини кутмаган, боз устига автомашинасида оғир юк бўлиб, масофа ҳам яқин қолганлиги боис Олимнинг бошқарувида бўлган оқ рангли Ласетти русумли автомашинанинг ортидан автомашинасининг олд қисми билан келиб урилди. Олимнинг бошқарувидаги Ласетти русумли автомашина эса зарбдан юриб бориб, Темурнинг бошқарувидаги Ласетти русумли 85 Р 511 ЕА давлат рақамли автомашина ва Абдулланинг бошқарувидаги “ВАЗ-2107” русумли автомашинанинг орқа томонидан иккаласининг орасидан келиб урилди. Олимнинг бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина ўнг томонга, “ВАЗ-2107” русумли автомашина эса чап томонга зарбдан силжиб, бордёрга бориб урилиб тўхтаб қолди.
Натижада “Ласетти” русумли автомашинанинг ҳайдовчиси Олим соғлиғининг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил шикаст, ушбу автомашинанинг йўловчиси Юсуфжон эса оғир, ҳаёт учун хавфли бўлган тан жароҳати олишди.
Абдулла билан Темур автомашиналарига зарар етиб жабрланувчиларга айланиб улгуришган, Равшандан уларга етказилган зарарни қоплашни талаб қилишар эди. Эмишки ортдан келиб урилган ҳар доим айбдор ҳисобланаркан.
Тўғри, Равшаннинг ҳаракатларида ҳам жиноят таркиби мавжуд, шу сабабли уннинг бепарволигига қонун нуқтаи назаридан баҳо берилди. Бироқ, Абдулла билан Темурнинг ножуя ҳаракатлари оқитбати ўлароқ бу жиноят келиб чиққанлиги боис, уларнинг ҳам ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хат билан мурожаат қилинди.
Азиз муштарий, қисқача қилиб айтганда Йўл ҳаракати қоидалари барчага тенг ва долзарбдир. Йўл ҳаракаит маданияти эса умумбашарий қадриятлар билан уйғунлашган деб ҳисоблайман, Сизчи?
Ўзлигимизни, миллийлигимизни унутмайлик.

Жиноят ишлари бўйича
Каттақўрғон шаҳар судининг раиси:
Олтибоев Абдихаким Маннонович

Жиноят ишлари бўйича
Жомбой туман судининг раиси:
Абдураззаков Абдусаттор Азаматович

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan