Мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш борасида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш, шунингдек, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида республика, вилоят, туман ва шаҳарлар даражасида фаолият кўрсатувчи идоралараро гуруҳларлар ташкил этилди. Мазкур идоралараро гуруҳ таркибига 12 та вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мазкур соҳада назорат ишларини самарали олиб бориш имконини яратди. Шу билан бирга, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар: дарёлар ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб юритилади) ишларини амалга оширишда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб чиқариш учун шарт-шароитлар яратмоқда. Шундан келиб чиқиб, Бош прокуратура томонидан Самарқанд вилояти ҳудудидаги  дарёлар ҳолати назорат тартибида ўрганилганда,  соҳада қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланганди. Хусусан, айрим тадбиркорлар томонидан дарёларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш учун берилган экспертиза хулосалари муддати ўтган бўлсада фаолият юритаётгани ва мавжудлари ҳам техник шартларга зид равишда қум-шағал материалларидан тартибсиз равишда фойдаланилаётганлиги аён бўлди. Бунинг натижасида бугунги кунда мавжуд дарё ва бошқа сув объектлари ландшафтлари ўзгариб, табиий ресурсларга, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, улар яшаш ва ўсиш муҳитига, қум-шағал захираларига катта зиён етказилмоқда. Дарёлар ўзанларининг қум-шағал захираларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида дарё ўзанларининг чуқурлашиши ва ер ости ичимлик суви захираларининг ифлосланишига, дарё ўзанларидаги стратегик объектлар (кўприклар, магистраль йўллар, газ ва сув қувурлари ва бошқалар) хавфсизлигига, шунингдек, айрим дарё ўзанларида ҳосил бўлган ноқонуний чиқиндихоналар эса маҳаллий аҳолининг ҳаётига ва уларнинг мол-мулкига хавф солмоқда. Дарё ўзанларининг чуқурлашиши дарё қирғоқларининг ўпирилишини ва ботқоқликларнинг пайдо бўлишини келтириб чиқармоқда. Дарё атрофидаги минглаб гектар майдонларнинг сув таъминотига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, дарё ва каналлар қирғоқларида қум-шағал ортиш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари техникаларининг (экскаватор, тошни қайта ишлаш ва ювиш қурилмалари, юк машиналари) йил давомида ишлаши натижасида очиқ сув ҳавзасидаги ичимлик сувининг ифлосланиши мазкур сувдан ичимлик сифатида фойдаланаётган маҳаллий аҳолининг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда. Кенг тарқалган фойдали қазилмалар ресурсларига келтирилган зарарни ундириш бўйича меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаганлиги боис тегишли назорат юритувчи орган инспекторлари томонидан қонунбузар фуқарога ва мансабдор шахсларга нисбатан таъсирчанлиги паст бўлган маъмурий жазо қўлланилган холос. Шу сабабли кейинги вақтларда мазкур соҳада ноқонуний фаолият олиб борадиган сохта «тадбиркор»лар сони кўпаймоқда. Айтиш жоиз, бугунги кунда вилоятдаги Зарафшон, Қорадарё дарёларида ва бошқа канал ва коллекторларда ушбу салбий манзаралар вужудга келган. Мазкур сув объектлари қирғоқларидаги ушбу «манзара» бу борадаги назорат ишларини кучайтиришни, дарё қирғоқларини тартибга солиш ва мустаҳкамлашни талаб этади. Бир сўз билан айтганда, йўл қўйилган камчиликларга чек қўйиш ва соҳада назорат ишларини олиб боришда идоралараро гуруҳлар фаолиятига фуқаролар назорати институтидан кенг фойдаланиш, назорат тизими самарадорлигини ошириш имконини беради. Зеро, демократик қадриятлар такомиллашиб бораётган бугунги Ўзбекистонда атроф муҳит муҳофазаси нафақат давлат ёки жамият, балки ҳар бир фуқаронинг вазифасидир. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори- Нормурадов Фаёз Наримонович Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи -Юлдашев Жасур Абдираимович  

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan