Ҳамроев кечки овқатдан кейин бирпас чўзилмоқчи бўлган эди, тўғри келмади: нариги уй тўполон — болалар бир-би-рини ёстиқбилан уриб ўйнаётибди; соат саккиз яримда мажлисга бориш ҳам керак. Кеча Ҳамдам ота-оналар мажлиси бўлиши тўғрисида мактабидан қоғоз олиб келган.

Ҳамроев ҳеч қачон мажлисга борган эмас, аммо фурсати бўлганда бир тайёрланиб бормоқчи ва бола тарбиялашни бил-маган ёки бу ишга совуқ қараган ўқитувчиларни уялтирмоқчи эди. Бу ният унинг хотини Собирахонга жуда маъқул бўлди.

— Гапиринг, изза қилинг! Болалар мактабда ўқиб қайта бевош бўлиб кетяпти. Сиз уйда йўқ вақтларда Ҳамдамингизнинг дастидан менга кун йўқ. Илгарилар уриб енгар эдим, энди урай десам, қочиб томга чиқиб кетади, томда туриб менга тилини кўрсатади.

Ҳамроев қўйин дафтарига нималарнидир ёзди.

— Хўш, тағин нималар қилади? Тагин… урсам «барибир оғримайди» деб хир-хир кулади… Ҳа, айтганча, бир йилдан бери бирон марта «ая» дега-нини эшитганим йўқ, ҳамиша «Турондот» дейди.

Ҳамроев кулиб юборди. Бу лақабни Собирахонга ўтган йили байрамда бировникига меҳмон бўлиб боришганида ўзи қўйган ва шу билан ҳаммани кулдирган эди.

— «Турондот» дейдими-а? Лекин буни мажлисда гапириб бўлмайди, чунки… лекин бир томондан гапирилса ҳам бўлади, бола деган катталарнинг гапини гапирмаслиги керак.

— Албатта! Мактабда шунақа нарсаларни ўргатмаса нимани ўргатади? Қуруқ илм билан бола бола бўлар эканми?

Ҳамроев Собирахоннинг шикоятларини, газеталарда ўқиган, одамлардан эшитган тарбияга доир гапларни ёзиб қўйин дафтарини тўлдирди, кейин буларнинг ҳаммасидан хулоса чиқарди:

— Мен бирон қоғозга ўқимасдан қўл қўйсам, сен бирон кўйлакнинг ёқасини қийшиқ қадаб қўйсанг, ишга совуққонлик билан қараганимиз учун жавобгар бўламиз, нима учун бола тарбиясига совуққонлик билан қараган ўқитувчига қонун йўқ, қани, чақир бу ёққа Ҳамдамни!

Нариги уйдан, увадаси чиқиб кетган ёстиқни кўтариб, Ҳамдам чиқди.

— Ўтир, бу ёққа! Хўш, сен нима учун кўча болаларига ўхшаб ахлоқсизлик қиласан!

Давоми бор…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan