Абу Али ибн Синонинг қўлида таълим олиш, унга шогирд бўлиш катта шараф эди. Кунлардан бир кун икки ота – бири катта бой, иккинчиси бир камбағал ўз ўғилларини Ибн Синога шогирдликка бермоқчи бўлишди.

– Эй улуғ табиб, ҳузурингизга болаларимизни олиб келдик. Тарбиянгизга олиб, шогирдликка қабул қилсангиз. Зора сизга ўхшаб, табиб бўлиб етишсалар, – дейишди. Ибн Сино розилик билдириб, уларни синаб кўриб шогирдликка олишни айтди. Ибн Синонинг бир одати бор эди. Ким унга шогирд тушмоқчи бўлса, олдин синовдан ўтказар, сўнг табиблик илмини ўргатар эди.

– Болаларим, – деди келган йигитларга қараб, – Тоғу-тошлар кезинг, чўлу-биёбонлар ораланг-да, ҳар бирингиз минг донадан ўт-гиёҳ териб келинглар.

Ибн Сино шундай деди-да, уларни ҳар бирининг қўлига халта берди. Орадан бир неча кун ўтди. Болаларнинг биринчиси келиб, йиққан гиёҳларни Ибн Синонинг олдига тўкди. Ҳаммаси шифобахш гиёҳлар эди. Буни кўрган Ибн Сино қувониб сўради:

– Баракалло, ўғлим, энг доривор гиёҳларни терибсан. Энди бир саволимга жавоб берсанг. Қани айт-чи, оёқ қабаришига нима даво бўлади?

– Менинг табибликдан хабарим йўқ, – деди бола, – сизга ўзим энди шогирд тушдим-ку.

Ибн Сино: “Шу ўн кун орасида наботот ичида юриб табибликдан алифни ўрганмабсанми, сендан табиб эмас, олибсотар чиқади”, – деди кўнглида, сўнг овозини чиқариб:

– Сенга жавоб, ўғлим, кетавер! Бориб олибсотарга шогирд бўл! – деди.

Орадан бир кун ўтгач, камбағал кишининг ўғли етиб келиб, тўплаган ўтларни ҳакимнинг оёғи остига чўкди. Ибн Сино жуда хурсанд бўлиб:

– Баракалло, бўтам, қани менга айт-чи, оёқ қабарганига нима даво бўлади? – деб сўради.

– Ёввойи райҳон ё ялпизни сувда ивитиб, озгина тош туздан қўшиб ювиш керак, – жавоб қилди бола.

– Чўл-биёбонда қолдинг-ку, сув тополмадинг дейлик, чанқоқни нима билан қондириш мумкин? – яна саволга тутди Ибн Сино болани.

– Янтоқнинг суви чанқоқни қондиради, ҳам дармон бўлади, – дадил жавоб берди бола.

– Раҳмат, ўғлим, сен энди менга шогирдгина эмас, фарзанд ҳам бўлдинг!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan