Ўзбек тили равнақи — миллий тараққиёт ва маънавий юксалиш гаровидир

Ўзбек тилини ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада юксалтириш миллий тараққиётимизнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, тил — миллатнинг тарихи, маданияти, маънавияти ва миллий ўзлигини ўзида мужассам этган бебаҳо қадриятдир. Уни асраб-авайлаш, бойитиш ва замон талабларига мос равишда ривожлантириш ҳар биримиздан масъулият ва фидойиликни талаб этади.

Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган ўзгаришлар ҳам ёзув маданиятини ривожлантириш, ҳарфлар ифодасидаги қулайликни таъминлаш ва ёзма мулоқотда изчилликка эришиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Ў ўрнига Ö, Ғ ўрнига Ğ, Ш ўрнига Ş ва Ч ўрнига Ç белгиларини қўллаш масаласи ўзбек тилининг ёзув тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ёндашувлардан бири сифатида эътиборга лойиқдир.

Алифбо — шунчаки ҳарфлар йиғиндиси эмас, балки фикр ва тафаккурни ёзма равишда ифодалаш, билимларни авлоддан-авлодга етказиш ҳамда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этишнинг муҳим воситасидир. Шу боис ёзувдаги ўзгаришларнинг амалий самараси уларнинг аҳоли учун қанчалик тушунарли ва қулай бўлиши, таълим тизимига қай даражада мослаштирилиши ҳамда кундалик ҳаётда изчил қўлланилиши билан белгиланади.

Айниқса, бундай жараёнларда аҳолининг хабардорлигини ошириш, ўқитувчилар ва ўқувчилар учун зарур методик материалларни тайёрлаш, китоблар, дарсликлар ва электрон ахборот ресурсларида ягона ёзув меъёрларига амал қилиш муҳимдир. Чунки ҳар қандай ислоҳотнинг самараси нафақат қабул қилинган қарорлар, балки уларнинг амалиётда тўғри ва изчил татбиқ этилиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ.

Шу билан бирга, ўзбек тилининг нуфузини ошириш, уни илм-фан, таълим, технология ва рақамли ахборот маконида кенг қўллаш имкониятларини ривожлантириш ҳам долзарб вазифалардан ҳисобланади. Миллий тилнинг замонавий тараққиёт билан уйғунлашуви ёш авлоднинг ўз она тилига бўлган ҳурматини мустаҳкамлашга, миллий қадриятларга садоқатини оширишга ва маънавий меросимизни келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тилини асраш, алифбони такомиллаштириш ва ёзув маданиятини юксалтириш — бу нафақат бугунги куннинг, балки келажак авлод олдидаги муҳим масъулиятимиздир. Зеро, она тилига бўлган эҳтиром миллатнинг ўзлигига бўлган эҳтиромдир. Тил қанчалик равнақ топса, миллатнинг маънавий салоҳияти, маданий бойлиги ва келажак тараққиёти учун имкониятлари ҳам шунчалик кенгаяди.

Дилафрўз Ҳасанова,
“Адолат” СДП Каттақўрғон шаҳар кенгаши раиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan