July 29, 2023

Самарқанд шаҳридаги Пушкин номидаги ахборот-кутубхона марказида 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан адабий кеча ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, вилоят тожик ва тожикзабон миллий-маданий маркази, вилоят “Овози Самарқанд”, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газетаси таҳририятлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Иштирокчилар эса ўзбек, тожик, рус ва бошқа миллат вакилларидан иборат адабиёт ихлосмандлари бўлди.

Адабий кечада таниқли ёзувчи ва шоир Фармон Тошевнинг ўзбек ва рус тилида чоп этилган “Йўл – Путь”, журналист Ғолиб Ҳасановнинг “Онамга қасида” китоблари, шунингдек, вилоят “Овози Самарқанд” газеатаси таҳририяти томонидан чоп этилган тожик ва ўзбек тилларида нашр этилган “Овози Самарқанд: машварат, ташаббус, муваффақият” журнали тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда айниқса, вилоятимизда миллий бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратилаётгани, асрлар давомида ўнлаб халқ ва миллат вакиллари ушбу ҳудудда яшаб келганлигини, қолаверса, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш учун хизмат қиладиган бу каби адабиётлар ёзилаётгани алоҳида тилга олишди.

Йиғилганлар Рустам Жўрақулов рус тилига таржима қилган “Йўл – Путь” қиссасига тўхталар экан, ушбу асарда адиб инсон ҳаётининг қадри, меҳр-оқибат, сабр-қаноат тараннум этилганини таъкидлади. Бу дунёда бирор амал беиз кетмаслиги, худди акс-садодек инсоннинг ўзига қайтиши, шунинг учун одамийлик ҳамиша улуғланиши ҳикоя қилиниши айтиб ўтилди.

“Онамга қасида” китоби ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирилди. Хусусан, китобда ёзилишича, ҳар бир инсоннинг онаси ҳақида айтадиган дил сўзлари, кечинмалари бор, лекин улар моҳиятан бир хил – оналарни улуғлаш, фарзандлик меҳри, садоқатини ифода этишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Шунингдек, тадбир давомида “Овози Самарқанд: машварат, ташаббус, муваффақият” журнали фотоальбом кўринишида бўлиб, унда таҳририятнинг 2018-2022 йилдардаги фаолият акс эттирилгани айтилди. Унда Самарқанд тожик ва тожикзабон миллий-маданий маркази таҳририят ташаббуси ва дўстлар маслаҳати билан ўтказилган тадбир ҳамда учрашувлар, акция ва мусобақалар, газета жамоасининг эришган ютуқлари келтирилган.

– Албатта, бу каби учрашувлар биз каби ижодкор учун янги ғоя ва ижод намуна яратишга имконият бўлади, – дейди “Каттақўрғон тонги” газетаси муҳаррири Тоҳир Ҳамидов. – Китобга ошно бўлган инсон албатта ютади, дегани ҳам бежиз эмас. Шу сабабли бугунги китоблар тақдимотидан келиб чиқиб, яратилган ижод намунларимизни китоб ҳолида чоп этишни, таҳририятимиз ҳақида алоҳида журнал ташкил этишни режа қилиб олдим.

Учрашув якунида муаллифлар томонидан чоп этилган китоблар ва журналлар тадбир иштирокчиларига тарқатилди.

Ҳусан Элтоев.

Жасурбек Шукуров (фото).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan