Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 4-боби жиноят ишини юритишда иштирок этувчи жамоат бирлашмалари, жамоалар ва уларнинг вакилларига  бағишланган бўлиб, қонунчиликда бу тартиб такомиллаштирилмаган, бир қатор муаммоли бўшлиқлар мавжуд.

Ушбу кодекс 42-моддасида жамоат бирлашмалари ва жамоалар суд муҳокамасида жамоат айбловчиси  ёки жамоат ҳимоячиси тариқасида иштирок  этиш учун ўз вакилларини юборишлари мумкинлиги, жамоат айбловчилари ва жамоат ҳимоячиларни жамоат бирлашмасининг ёки корхона, муассаса, ташкилот жамоасининг йиғилиши кўрсатиши, йиғилиш қарори  судга тақдим этилиши лозимлиги, жамоат бирлашмаси, жамоа ўзи йўллаган  жамоат айбловчиси  ёки жамоат ҳимоячисини хохлаган вақтда чақириб олишга ёки уни бошқа вакил билан алмаштиришга ҳақли эканлиги, шунингдек ушбу кодекс 43 ва 44-моддаларида жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.

Қонуннинг ушбу бандида бир қатор мавҳумлик мавжуд бўлиб, судлар томонидан жиноят процессида ишларни кўришда  муаммоли вазиятларни юзага келтирмоқда.

Хусусан, 1991 йил 15 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 1-моддасида жамоат бирлашмасига таъриф берилган бўлиб,  унга кўра ўз ҳуқуқлари, эркинликларини ҳамда сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, фан, маданият, экология ва ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги қонуний манфаатларини биргаликда рўёбга чиқариш учун бирлашган фуқароларнинг хоҳиш-иродаларини эркин билдиришлари натижасида вужудга келган ихтиёрий тузилма жамоат бирлашмаси эканлиги, сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилиши кўрсатилган бўлиб, Ушбу Қонун тижорат мақсадларини кўзлайдиган ёхуд бошқа корхоналар ва ташкилотлар фойда (даромад) орттиришига кўмаклашадиган кооператив ташкилотларга ҳамда бошқа ташкилотларга, диний ташкилотларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, шунингдек ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш тартиби бошқа Қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган ўзга органларга нисбатан татбиқ этилмаслиги кўрсатилган.

Шу каби ушбу қонуннинг 5-моддасида давлат жамоат бирлашмалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаши ҳамда Конституцияга мувофиқ улар ўз уставларидаги вазифаларни бажаришлари учун шарт-шароит яратилишига кафолат бериши, давлат ёшлар ва болалар ташкилотларига моддий ва маънавий мадад бериши, уларга нисбатан имтиёзли солиқ сиёсати ўтказилишини таъминлаши, болалар ташкилотларига, мактаб, мактабдан ташқари муассасалар биноларидан, клублардан, маданият саройлари ва уйларидан, спорт иншоотлари ва бошқа иншоотлардан бепул ёки имтиёзли шартлар билан фойдаланиш ҳуқуқини бериши, қонунда кўзда тутилган ҳоллардан ташқари давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, худди шунингдек, жамоат бирлашмаларининг давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятига аралашишига йўл қўйилмаслиги, жамоат бирлашмалари ташкилотларининг тадбирлари улар аъзоларининг (қатнашчиларнинг) асосан ишдан бўш вақтида ва мазкур бирлашмалар маблағи ҳисобидан амалга оширилиши, жамоат бирлашмалари манфаатларига дахлдор масалалар қонунларда кўзда тутилган ҳолларда тегишли жамоат бирлашмалари иштирокида ёки улар билан келишилган ҳолда давлат идоралари ва хўжалик ташкилотлари томонидан ҳал қилиниши кўрсатилган.

Жамоалар жамоат бирлашмаларига нисбатан кенг маънони англатиб,  ҳар қандай иш, ўқиш ёки  яшаш жойидаги  жамоани тушунилади. Жамоат бирлашмалари аъзолари ҳам жамоа ҳисобланади.

Ушбу қонунда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси тўғрисида бирор бир маълумот мавжуд эмас.

2003 йил 19 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Гумон қилинувчи ва айбланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид қонунларни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида ҳам жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси тўғрисида бирор бир маълумот ёки тушунча берилмаган.

Ушбу пленум қарорининг 14-бандида жиноят иши бўйича ҳимоячи ёрдамидан фойдаланиш гумон қилинувчининг, айбланувчининг ҳуқуқи ҳисобланиши, шу туфайли ҳам у иш юритувнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечиши мумкинлиги, ҳимоячидан воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ташаббуси билан ва ушбу масала муҳокама этилаётганда ҳимоячининг реал иштироки таъминланган ҳолдагина йўл қўйилиши назарда тутилган.

ЖПК 42-моддасида эса жамоат бирлашмаси, жамоа ўзи йўллаган  жамоат айбловчиси  ёки жамоат ҳимоячисини хохлаган вақтда чақириб олишга ёки уни бошқа вакил билан алмаштиришга ҳақли эканлиги кўрсатилган бўлиб, бунда айбланувчининг ҳуқуқлари чекланган ёки қонунда қарама-қаршилик мавжуд.

Жамоат ҳимоячиси қатнашаётган иш бўйича жамоат бирлашмаси, жамоа ўзи йўллаган   жамоат ҳимоячисини  чақириб олган, бироқ судланувчи жамоат ҳимоячиси уни ҳимоя қилишини хохласа, қонундаги бўшлиқ намоён бўлиб, турлича муаммоли вазиятни юзага келтиради.

Шу билан биргаликда, адвокатнинг ишда иштирок этишига, у адвокатлик гувоҳномасини кўрсатганидан ва унинг муайян ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ордерни тақдим этганидан сўнг йўл қўйилади. Жамоат ҳимоячисига эса фақат жамоанинг умумий йиғилиш қарори нусхаси судга тақдим этилиши белгиланганлиги, қандайдир маънода ҳуқуқшунос адвокатдан устунликни намоён этади. Бу вазиятда суд томонидан жамоат ҳимоячисига ишда қатнашиш ҳуқуқини берувчи ажрим тақдим этилиши кераклиги ёки керак эмаслиги ҳам очиқ қолдирилган.

Қонун нуқтаи назардан суд процессида жамоат ҳимоячисининг ваколат доираси  адвокатнинг ваколатига тенглаштирилган  бўлиб, ҳар қандай шахс жамоат ҳимоячиси  сифатида ишда иштирок этишга имконият берилган. Бу ҳолат иш бўйича турли ноаниқликларни, манфаатдорликни  юзага келтириши мумкин.

            Қонунда жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси айнан қандай ишларда қатнашиш ҳуқуқига эга эканлиги ва манфаатдорлик даражаси ҳам аниқ белгиланмаган.

            Шу қатори жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси фақат суд процессида иштирок этиши мумкинлиги қонунда мустаҳкамланган, у суриштирув  ва дастлабки тергов жараёнида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси сифатида ишда иштирок этиш ҳуқуқи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги белгиланмаган.

            Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси суд процессида иштирок этиши ҳақида аниқ кўрсатмалар берилиб, қонунчилик қайта такомиллаштирилса, мазкур йўналишдаги ноаниқликлар бартараф этилган ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари тўла-тўкис ҳимоя қилиниши таъминланган бўларди.  

Самарқанд вилоят судининг судьяси

ИЛХОМ ХАМИДОВ

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман

судининг раиси

АБДУСАТТОР АБДУРАЗЗАКОВ АЗАМАТОВИЧ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan