Кетмоқдамиз кўзимизда ёш,

 Айрилишиб бугун – бағритош,

 Жаранглайди сўнгги қўнғироқ,

 Хайр мактаб, хайр синфдош.

 Қувноқмиз-у киприкда намлар,

 Қалбимизда шодлиг-у ғамлар,

 Ширин дамлар, бахтиёр дамлар,

 Хайр мактаб, хайр синфдош.

 Келажакка қучоқ очиб соз,

 Ҳар тарафга қиламиз парвоз,

 Рози бўлинг, бизлардан устоз,

Хайр мактаб, хайр синфдош…

ЖАРАНГЛАЙДИ СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

      “Сўнгги қўнғироқ…”. Бу жумла ҳар кўнгилда ўзгача жаранглайди, айниқса, битирувчилар қалбида. Неча йилдирки, остона ҳатлаётган ҳар бир синф ўқувчилари томонидан ўн бир йил бирга таҳсил олган дўст-дугоналари, меҳрибон устозлари билан биргаликда ана шундай мактаб билан хайрлашув тадбири ўтказилиб келинмоқда ва бу мактабларда анъанага айланиб улгурган. 

       Бугун Каттақўрғон шаҳридаги барча умумтаълим мактабларида ҳам сўнгги қўнғироқ янгради. Бу қувончли ва битирувчилар учун бир оз маҳзун тадбирда ўқитувчи устозлар, битирувчилар ва уларнинг ота-оналаридан ташқари шаҳар ҳокими, сенатор  Гавҳар Алимова  ва   ҳар бир мактабга бириктирилган  ҳокимлик  ходимлари, ташкилот муассаса раҳбарлари  ҳамда бошқа меҳмонлар иштирок этдилар.

       Соат 8-00. Давлат мадҳияси янграйди. Майдонга ҳаётидаги бошқа такрорланмас  қувончли кунларини бошидан кечираётган тантана  соҳиблари – битирувчилар кириб келадилар. Кўзларида қувонч ва ҳаяжон. Худди олисларга  парвозга шайланган қушлар каби тизилиб турибдилар.    

       Биз: “Каттақўрғон тонги” газетаси бош муҳаррири Тоҳир Ҳамидов, СамДУКФ Педагогика ва тилларни ўқитиш факультети декани ўринбосари А.Зиятов, “Яккабоғ” МФЙ раиси Р.Ҳамраев ва бошқалар шаҳримиздаги яқиндагина реконструкция қилинган, ўқитишнинг замонавий ускуналари билан жиҳозланган  920 ўқувчи ўрнига эга кўркам ва озода 9-сонли ўрта умумтаълим мактабида  “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этмоқдамиз. Бошловчилар томонидан илк сўз мактаб директори Наргиза Фозиловага берилди. Фозилова битирувчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактаб битирувчиларини “Сўнгги қўнғироқ” байрами билан табригини ўқиб берди.

      Давлат раҳбари табрикда мамлакатдаги барча умумтаълим даргоҳларида “Сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қадрдон мактаб, меҳрибон устозлар билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда барчага келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилаган.

     “Қадрли мактаб битирувчилари! Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга – умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Умид ва ишонч рамзи бўлган етуклик шаҳодатномалари барчангизга муборак бўлсин!”, – дея таъкидлаган Президент.      

        Дарҳақиқат, республика Президентининг мактаб битирувчиларига илк табриги ёшларимизга алоҳида берилаётган эътиборнинг яна бир амалий ва тарихий исботи бўлди. Демак, ёшлар юртнинг нуфузи, ишонган кучи, тараққиёт мезони, келажак тимсолига айланиб улгурибди. Биз иштирокчилар  мазкур табрикда юксак ишончни, шахсий масъулиятни, оталарча меҳрни, авлод хавфсизлигини, аждодлар мажбуриятини, боғбоннинг серҳосил дарахтлари меваларининг такрорланмас исини ҳис қилдик.

       Тадбир якунида бир қатор ўқитувчи-мураббийлар, аълочи ва фаол ўқувчиларнинг ота-оналари Фахрий Ёрлиқлар билан тақдирланди.

ҲАМИДУЛЛО ХУШВАКОВ,

9-сон ўрта умумтаълим мактаби

ижодий-маънавий тарғиботчиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan