ХАЛҚАРО МУНОСАБАТЛАРДАГИ МУСТАҲКАМ ИШОНЧ ВА АМАЛИЙ НАТИЖАЛАР
Бугунги шиддатли глобал жараёнлар ва мураккаб геосиёсий шароитда Янги Ўзбекистон олиб бораётган очиқ, прагматик ва узоқни кўзлаган ташқи сиёсат ўз амалий мевасини бермоқда. Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда расмий манбалар маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатимизнинг дипломатик алоқалар географияси ва халқаро ҳамкорлик кўлами мутлақо янги босқичга кўтарилди.
2026 йилнинг дастлабки олти ойи давомида олий ва юқори даражадаги муҳим ташрифлар ҳамда нуфузли халқаро анжуманлар муваффақиятли амалга оширилди. Энг аввало, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) минбаридан илгари сурилган глобал ва минтақавий ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги манфаатли алоқалар изчил мустаҳкамланиб, Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва самимий қўшничилик муҳити янада чуқурлашди. «Марказий Осиё плюс» форматидаги мулоқотлар эса юртимизнинг глобал хавфсизлик ва ҳамкорликни таъминлашдаги муҳим ролини яна бир бор намоён этди.
Дипломатик муносабатларнинг кенгайиши фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмай, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга бевосита хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби етакчи халқаро молия институтлари ҳамда Европа Иттифоқи ва дунёнинг етакчи мамлакатлари билан манфаатли ҳамкорлик келишувлари амалга оширилди.
Халқ вакили ва депутат сифатида шуни таъкидлашни истардимки, дипломатик алоқаларнинг кучайиши шаҳар ва маҳаллаларимизда қурилаётган янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий инфратузилма ва янги иш ўринларида ўз ифодасини топмоқда. Жаҳон майдонида Ўзбекистон овозининг баралла янграши ҳар бир юртдошимизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Хулоса қилиб айтганда, кенгаяётган ва мустаҳкамланаётган дипломатик муносабатлар мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ва юртимиз тинчлигининг мустаҳкам кафолатидир.
Ж. НОСИРОВ,
шаҳар Кенгаши депутати.









