ТЕАТР – ЖОНЛИ МУЛОҚОТ, ИБРАТ ВА ИЖОД МАСКАНИ

Бугун шаҳримизда самарали фаолият юритаётган Каттақўрғон шаҳар драма театри ўз репертуаридаги турли мавзуларни қамраб олган спектакллари билан нафақат каттақўрғонлик санъат ихлосмандларини, балки республика ҳамда хорижий томошабинларни ҳам хурсанд қилиб келмоқда. Кейинги йилларда театр жамоасининг турли хорижий давлатларга амалга ошираётган гастрол сафарлари актёрларнинг ижодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Қозоғистон саҳналарида каттақўрғонлик ижодкорлар

Театр жамоасининг навбатдаги ижодий сафари Қозоғистон Республикасининг Астана шаҳридаги “Ёшлар театри” саҳнасида бўлиб ўтди. Маълумки, 2025 йилда Каттақўрғон шаҳар драма театри, “Жастар театри” ҳамда “Калибек Қуанишбаев номидаги Қозоғистон миллий мусиқали драма театри” ўртасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида расмий Меморандум имзоланган эди. Мазкур келишув икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

«Эрта қайтган турналар» – юксак эътироф

Ана шу ҳамкорлик доирасида театр ижодий жамоаси Чингиз Айтматов асари асосида режиссёр Ғ.Мардонов томонидан саҳналаштирилган “Эрта қайтган турналар” спектакли билан гастрол сафарига отланди. Спектакль қозоғистонлик театр ихлосмандлари томонидан илиқ ва самимий кутиб олинди.

Асарда қуйидаги воқеалар жуда таъсирли ифодаланган:

  • Совуқ уруш йилларидаги оғир ҳаёт манзаралари;
  • Болалигини қийинчиликлар ичида ўтказган ёшлар тақдири;
  • Меҳнатдан толмаган оддий халқнинг дарду ташвишлари;
  • Фронтдан келган қора хат ортидан фарёд чеккан онаизорнинг изтироблари.

Бу ҳолатлар ҳар қандай томошабин қалбига йўл топиши, ўша мудҳиш кунларни ёдга солиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун шукроналик ҳиссини уйғотиши табиийдир.

Маданий алоқалар меваси

Томошабинлар спектаклни икки давлат ўртасидаги санъат ва маданият соҳасида олиб борилаётган ҳамкорликнинг амалий натижаси деб баҳоладилар. Бундай ижодий учрашувлар халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий яқинликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Ҳилола ЭРГАШЕВА.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan