МАҲАЛЛА — ЖАМИЯТ ТАЯНЧИ ВА ИНСОН ҚАДРИ ПОСБОНИ
22 март — Маҳалла тизими ходимлари куни юртимизда ушбу шарафли касб эгаларининг меҳнатига билдирилаётган юксак эҳтиром ва эътибор ифодасидир. Зеро, маҳалла азалдан халқимизнинг бирдамлиги, аҳиллиги ва ўзаро меҳр-оқибатини намоён этувчи муқаддас маскан бўлиб келган.
Бугунги кунда маҳалла тизими жамият ҳаётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. У фақатгина ҳудудий бошқарув бўғини эмас, балки аҳолининг дарду ташвишларини эшитадиган, муаммоларга ечим топадиган, одамларни бирлаштирадиган таъсирчан институтга айланди. Маҳалла ходимлари ҳар бир хонадон ҳолидан хабар олиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар тарбияси, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби муҳим вазифаларни сидқидилдан бажариб келмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда маҳалла тизимини ривожлантириш, унинг ваколат ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар бу соҳанинг нуфузини янада оширди. Маҳаллаларда аҳоли билан мулоқотни кучайтириш, муаммоларни жойида ҳал этиш, ижтимоий адолатни таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида маҳалла ходимларининг масъулияти ва фидойилигини янада оширмоқда.
Айни пайтда маҳаллаларда “маҳалла еттилиги” тизими самарали фаолият юритмоқда. Ушбу тизим орқали аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини манзилли ҳал этиш, ишсизларни бандликка жалб қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш ишлари янги босқичга кўтарилди. Ҳар бир хонадон кесимида олиб борилаётган ўрганишлар орқали муаммоларни барвақт аниқлаш ва уларга ечим топиш имконияти яратилмоқда.
Маҳалла — тарбия ўчоғи ҳамдир. Бу ерда миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъаналаримиз сақланиб, ёш авлод қалбига сингдирилади. Нуронийлар маслаҳати, фаолларнинг ташаббуси орқали маҳаллаларда тинчлик ва осойишталик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланади.
Бугунги кунда Каттақўрғон шаҳрида ҳам маҳалла тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг меҳнатини эътироф этиш ўринли. Маҳалла еттилиги томонидан аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, маҳаллада соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар шаҳар аҳолисининг фаровон ва бахтиёр ҳаёт кечиришида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, кейинги йилларда маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада маҳалла тизими халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам кўприкка айланиб бормоқда. Бугунги кунда шаҳардаги 30 та маҳаллада ходимлар самарали фаолият юритиши учун барча зарур имкониятлар яратилган. Бу эса уларни янада масъулият ва шижоат билан ишлашга ундамоқда.
Маҳалла инсонлар туғилиб, вояга етадиган муқаддас ошиён бўлиб, жамиятда барқарорлик ва тараққиётда алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис маҳаллалар нафақат аҳолига энг яқин, балки ижтимоий кўмаклашувнинг самарали ва адолатли институти сифатида тан олинмоқда. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар маҳаллаларни обод ва халқ ҳамда давлат ўртасидаги кўприкка айлантирмоқда.
Каттақўрғон шаҳрида маҳалла тизими фаолияти ҳар томонлама такомиллаштирилмоқда. Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси шаҳар бўлими бошлиғи Абдулла Рахмонов таъкидлашича, 2026-йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳалла ходимлари учун янги масъулият ва имкониятлар очди.
Шаҳарда маҳаллаларда жорий қилинган “еттилик” тизими орқали аҳоли учун 100 дан ортиқ хизмат маҳалла даражасига туширилди. Бу тизим орқали шаҳарда камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя, ижтимоий эҳтиёжга муҳтож оилаларга моддий ёрдам берилди, уларнинг турар-жойлари таъмирланди ва жиҳозланди. Ушбу ишлар учун 146 млн. 506 минг сўм блағ сарфланди. Маҳаллалар ҳудудидаги ички йўллар, пиёдалар йўлакчалари ва ёритиш тизимини яхшилаш мақсадида учун 42 млн. 303 минг сўмлик ишлар олиб борилди. Фуқаролар йиғини бинолари, спорт майдонлари, болалар майдончалари барпо этилди.
Маҳалла “еттилик” тизими орқали аҳолига кредит, субсидия ва моддий кўмак каби хизматлар тақдим этилди, шу билан бирга бандликни таъминлаш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга эътибор қаратилди. Шунингдек, маҳаллаларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ажримларни олдини олиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада “2026-йилда маҳаламда ажрим бўлмайди” шиори остида дастур ишлаб чиқилган ва намунали оилалар тажрибаси ўргатилади.
Каттақўрғон маҳаллаларида олиб борилаётган ишлар маҳалла тизимини жамиятнинг энг самарали ва таъсирчан қисмига айлантирмоқда. Бу борада маҳалла тизими ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва маҳаллада маънавий муҳитни мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, маҳалла тизими ходимлари — жамият равнақига муносиб ҳисса қўшаётган, ҳар бир инсон тақдирига бефарқ бўлмаган фидойи инсонлардир. Уларнинг меҳнати, сабр-тоқати ва саъй-ҳаракатлари ҳар қандай эътирофга муносиб.
Барча маҳалла ходимларини касб байрами билан самимий табриклаймиз ва уларга фидойи меҳнатларида муваффақият, халқ фаровонлиги йўлидаги ишларида омад тилаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, барча маҳалла тизими ходимларини касб байрами билан самимий муборакбод этамиз. Уларга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат ва халқимиз фаровонлиги йўлидаги шарафли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Ҳ.ЭРГАШЕВА.








