АЁЛЛАР ВА БОЛАЛАР ҲУҚУҚЛАРИ — ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, жамиятда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар аҳолининг энг ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги ПФ–33 сонли фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон жамиятда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этиладиган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, профилактика ишларини янада кучайтиришга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Мазкур Фармоннинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:

никоҳ ёшига етмаган шахс билан ҳақиқатда никоҳ муносабатларига киришиш ҳолатларининг (эрта никоҳ) олдини олишга эришиш;

молиявий мустақилликка эришган ва оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлган ёшлар ўртасида никоҳ тузишни рағбатлантириш;

аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тизимини такомиллаштириш орқали уларнинг сонини кескин қисқартириш.

Фармонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ҳамда жабрланганларга ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш механизмларини янада ривожлантириш вазифалари белгиланган.

Вояга етмаган шахслар билан никоҳ тузишга даъват этганлик (қизиқтирганлик) ва уни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

2026 йил 1 сентябрдан никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик ёки никоҳ тузиш тартибини бузишга оид ҳуқуқбузарликлар учун ундирилган жариманинг 15 фоизи бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантиришга йўналтирилади.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 апрелдан ҳимоя ордери берилган жабрланувчи хотин-қизларнинг алоқа воситаларига Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисида зудлик билан хабар бериш имконини берувчи (“SOS” чақирув) “my.ihma.uz” мобил иловаси уларнинг розилиги билан ўрнатилади.

Жиноят кодексининг 118 ва 119-моддаларида назарда тутилган жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этганлик учун судланган шахслар манзил-колонияларга ўтказилмайдиган маҳкумлар тоифасига киритилади.

Ушбу жиноятлар учун жазони ўтаётган маҳкумлар психологик тузатиш дастуридан ўтмасдан, сақлаш шароитларини енгиллаштириш амалиётига чек қўйилади.

2027 йил 1 январдан аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, қоида тариқасида, махсус тайёргарликдан ўтган терговчилар ва судьялар томонидан тергов қилиниши ва кўриб чиқилиши белгиланади.

2026 йил 1 сентябрдан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги академияси ва Одил судлов академиясида  терговчи ва судьялар учун “Жиноятдан жабрланган аёллар ва болалар билан ишлашнинг ўзига хос процессуал жиҳатлари” махсус ўқув дастури ташкил этилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжат доирасида профилактика ишларини кучайтириш, оилада соғлом муҳитни таъминлаш, аёллар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ҳолатларига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қисқача айтганда, мазкур фармон жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Шухрат Ғуломов,

фуқаролик тшлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг судьяси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan