СЕНАТ РАИСИ КАТТАҚЎРҒОН ДАВЛАТ ПЕДАГОГИКА ИНСТИТУТИДА БЎЛДИ
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси — Танзила Норбоева бошчилигидаги Сенат ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида Каттақўрғон давлат педагогика институтида бўлишди.
Шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова мазкур олийгоҳнинг ташкил этилганлиги нафақат каттақўрғонлик, балки қўшни туманлардаги ёшлар учун ҳам катта имконият эканлигини, бундан шаҳар аҳли айниқса миннатдор эканлигини билдирди.
Институт ректори Ш.Ураков олийгоҳдаги шароитлар, талабаларнинг ютуқлари, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот ишлари ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқалари ҳақида гапирди.
Сенат раиси ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириш муҳимлигини таъкидлади. Ёшларда ҳалоллик, виждонли бўлиш каби фазилатларни таълим жараёниданоқ шакллантиришни қайд этиб, коррупцияга қарши курашиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича ягона методология ишлаб чиқиш ва уни таълимга жорий этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.











