ИЛМ ВА АЁЛ: БАРҚАРОР ЖАМИЯТ САРИ

Мамлакатимизда хотин-қизлар иқтидорини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса илм-фан соҳасида муносиб шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамламоқда.
11 февраль — “Илм-фан соҳасидаги аёллар ва қизлар халқаро куни” муносабати билан Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган маърифий тадбирлар ана шу эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ташаббуси билан Каттақўрғон давлат педагогика институтида ташкил этилган “Илм ва аёл: барқарор жамият сари” мавзусидаги тадбир мазмунли ва кўтаринки тарзда бўлиб ўтди.
Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, таълим соҳаси вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, олима аёллар ва талаба қизлар иштирок этдилар.
Тадбирни очиб берган институт ректори Ш. Ураков олийгоҳда хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш, иқтидорли талаба қизларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. У талабалар ва аёл ўқитувчиларнинг республика ва халқаро миқёсдаги ютуқлари, илмий изланишлари ва келгусидаги мақсадлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Сўзга чиққан шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар, давлат грантлари, стипендиялар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида фикр билдириб, жамият тараққиёти, аввало, билимли, маърифатли ва фаол аёллар билан боғлиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, азал-азалдан буюк алломаларни вояга етказган, юрт равнақига ҳисса қўшган улуғ оналар авлодлари эканлигимизни фахр билан тилга олди.
Тадбир давомида ўз билими ва иқтидори билан юқори натижаларга эришиб, давлат стипендияси соҳиби бўлган талаба қизлар ҳамда илмий фаолиятида салмоқли ютуқларга эга бўлган олима аёллар шаҳар ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди. Бу эса ёшлар учун катта рағбат ва илҳом манбаи бўлди.
Шунингдек, талаба қизлар ва олима аёллар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар, таълим ва илм-фан соҳасидаги қўллаб-қувватлаш чоралари юзасидан фикр алмашилди. Институтнинг иқтидорли, давлат стипендияси соҳибаси бўлган қизлар ўз орзу-мақсадлари ва режалари билан ўртоқлашиб, билдирилган эътибор учун миннатдорчилик изҳор этдилар.
Тадбир сўнгида институт талабалари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди. Миллий куй-қўшиқлар, шеърий чиқишлар ва саҳнавий кўринишлар иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Бундай тадбирлар хотин-қизларнинг илм-фан соҳасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг иқтидор ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда барқарор ва тараққий этган жамият барпо этиш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan