ДОИМИЙ КОМИССИЯ ИИБ ХОДИМЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ

Коррупция нафақат бир давлат, балки бутун жамият ва халқаро миқёсда тараққиётга жиддий хавф соладиган иллат экани барчамизга маълум. Бу иллат иқтисодий ривожланишни секинлаштиради, адолат тамойилларини издан чиқаради ва халқнинг давлатга бўлган ишончини пасайтиради. Шу боис, юртимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида коррупцияга қарши курашиш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу муносабат билан шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия аъзоларининг шаҳар ИИБ ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг олдини олиш чоралари ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Дастлаб сўз олган комиссия раиси Ж. Носиров Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган комплаенс-назорат тизимининг аҳамиятига тўхталди. Ушбу тизим ташкилот фаолиятининг қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ички қоидалар ва ахлоқий стандартларга мувофиқлигини таъминлашга қаратилгани, у нафақат назорат қилиш, балки ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика ва масъулият маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, доимий комиссия ва депутатлар олдида турган устувор вазифалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Учрашув давомида ИИБ ходимлари томонидан амалий таклиф ва мулоҳазалар билдирилди, мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, коррупцияга қарши курашишда очиқлик, шаффофлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Учрашув якунида доимий комиссия ва шаҳар ИИБ ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, профилактик тадбирларни кенгайтириш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan