БУГУНГИ ТАЪЛИМ – ЭРТАНГИ ТАРАҚҚИЁТ
Куни кеча Каттақўрғон давлат педагогика институтида “Бугунги таълим — эртанги тараққиёт” мавзусида форум ўтказилди. Унда шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова, Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарлари, педагоглар ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этди.
Форумни шаҳар ҳокими кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, шаҳарда таълим соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган устозларга шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда совғалари топширилди.
Форум доирасида Каттақўрғон давлат педагогика институти ректори Шерзод Ураков маъруза қилди. Шунингдек, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Машхура Бекованинг шаҳарда таълим соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан маърузаси тингланди.
Таъкидлаш жоизки, форумда таълим тизимидаги мавжуд муаммолар очиқ, танқидий ва таҳлилий руҳда муҳокама қилинди. Айниқса, айрим мактабларда кўрсаткичларнинг талаб даражасида эмаслиги, ўқитувчилар малакасини оширишдаги камчиликлар ҳамда таълим сифатини баҳолашдаги муаммолар алоҳида тилга олинди.
Шаҳар ҳокими ўз сўзида таълим соҳасидаги натижалар фақатгина рақамлар билан эмас, балки ўқувчиларнинг билим даражаси ва ҳаётий кўникмалари билан баҳоланиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, мактабгача таълим қамровини ошириш, ўқитувчиларнинг масъулиятини кучайтириш ҳамда замонавий ўқитиш усулларини жорий этиш зарурлигини айтиб ўтди.
Якунда таълим сифатини ошириш, ҳар бир ўқувчининг билимини чуқурлаштириш ва мактабларнинг масъулиятини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.













