КОНСТИТУЦИЯ- ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

Юртимиз бўйлаб асосий Қонунимиз қабул қилинганлигининг 33 йиллик байрам тантаналари кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан шаҳар Драма театрида ташкил қилинган тадбирда шаҳар ҳокимлиги, ИИБ, Прокуратура, каттақўрғонлик турли соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва ҳарбийлар иштирок этди.
Давлат мадҳияси билан бошланган тадбирни очиб берган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Конституциямизнинг миллий давлатчилигимиз, суверенитетимиз, шу кунга қадар эришган барча ютуқ ва марраларимиз, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг мустаҳкам пойдевори эканлигини таъкидлади.
-Илк маротаба умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганлиги том маънодаги тарихий воқеа бўлди. Унда халқимизнинг олий мақсади – Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топган.
Авваламбор, янгиланган Конституциямизнинг инсон, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим аҳамияти ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Янги Конституциямизда моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимизнинг 65 фоиз матни халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб белгиланди.
Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар 3 баробарга кўпайтирилди. Аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилди. Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда ёшлар масалаларига ҳам эътибор берилиб, бу борада алоҳида боб киритилди ва давлат – ёшлар ҳуқуқларининг ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантиришни кафолатлади.
Шуни айтиш жоизки бугун юртдошларимиз ўзини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис қилаётгани қувонарли, – дея таъкилади шаҳар ҳокими ўз сўзида.
Шундан сўнг шаҳар маданият бўлими ҳамда 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан тайрланган концерт дастури тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Санъаткорлар ҳамда ўқувчи- ёшлар томонидан ижро этилган Ватанни мадҳ этувчи қўшиқ ва рақслар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Албатта, бу каби тадбирлар бош қомусимизнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаши билан бирга фуқароларда қонунларимизга ҳурмат ҳиссини шакллантириши шубҳасиз.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan