КАТТАҚЎРҒОН МАДҲИ ТИЛЛАРДА
Археологик изланишлар ҳозирги Каттақўрғон шаҳри ўрнида эрамиз бошидан мисгарлик ривожланганлигини кўрсатган. 12 асрга келиб харобага айланган Робинжон шаҳри ҳам шу ерда бўлган. Тарихий китобларда ёзилишича, Каттақўрғон шаҳрига хижрий 1095, милодий 1684 йилда Бухоро хони Субхонқулихоннинг кўзга кўринган нуфузли амалдорларидан уч ака-ука: Сўфи Оллохёр, Фарход Оталиқ ва Олла Назарбийлар томонидан асос солинган.
Каттақўрғон давлат Педагогика институтида Каттақўрғон шаҳрининг ташкил этилишига бағишлаб ўтказилган “Каттақўрғон: кеча ва бугун” номли тадбирда сўз олганлар томонидан шаҳар ҳаёти билан боғлиқ тарихий манбаларга асосланган ана шундай қимматли маълумотлар келтирилди.
Шунингдек, тадбирда тарихдан буюк ипак йўлида жойлашган, ҳунармандчилик, савдо сотиқ, саноат ривожланган Каттақўрғон шаҳрининг бугунги кунда ҳам ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ўзгаришлари билан Республикамизнинг ривожланаётган, зиёли шаҳри сифатида ўз ўрнига эга эканлиг таъкидланди. Хусусан, кейинги йилларда шаҳарда таълим, соғлиқни сақлаш, йўл-инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллалар, хонадонлар, шаҳар ободлиги йўлида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари каттақўрғонликларни эртанги кунга ишончини, орзу- умидларини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Шаҳар тарихи, кечаси ва бугунига бағишланган тадбирнинг маданий қисми ҳам мазмунли бўлди. Айниқса, 2-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари, Маданият бўлими, шаҳар Драма театри актёрлари томонидан шаҳарнинг узоқ йиллик тарихи, илм-фан, маданият, санъатни ривожланиши йўлида фидойилик кўрсатган зиёлиларнинг ҳаёти намойиш этилган саҳна кўринишлари томошабинларга манзур бўлди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган каттақўрғонлик ижодкорлар қаламига мансуб машхур қўшиқлар тадбирга кўтаринкилик бағишлади.
Тадбир сўнггида нуронийлар шаҳримизни келгусида янада тараққий этиши, гуллаб-яшнашини тилаб дуога қўл очдилар.
Албатта, бу каби тадбирлар шаҳар аҳолисига, хусусан ёшларимизда туғилиб ўсган она ватанига муҳаббат, халқига садоқатни уйғотиши, буюк тарихи, аждодларига ҳурмат ҳиссини шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўз тарихини билмаган миллатнинг келажаги ҳам юксак бўлмайди.
“КАТТАҚЎРҒОН ТОНГИ”.











