ТАЛАБАЛАРГА ДИПЛОМ ТОПШИРИШ МАРОСИМИ БЎЛИБ ЎТДИ
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб олий ўқув юртлари битирувчиларига етуклик дипломларини топшириш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Ушбу лаҳзалар олий таълим даргоҳларидан мустақил ҳаёт сари йўл олаётган ёшлар ва уларнинг ота-оналари, устозлари учун ҳам қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Негаки, илмнинг машаққатли пиллапоясини мардонавор боисб ўтган азму шижоатли ёшлар тимсолида баркамол авлод камолоти, халқимиз фаровон турмуши, жамиятимиз равнақини кўрамиз.
Бугун Самарқанд Давлат университети Каттақўрғон филиалида профессор-ўқитувчилар, ота-оналар ҳамда битирувчи талаба-ёшлар иштирокида ташкил қилинган дипломларни топшириш маросими ҳам ёшлар учун қувонч ва ҳаяжонга тўла лаҳзаларга бой бўлди.
Тантанали тадбирни филиал директори Шерзод Ураков очиб берди.
Тадбирда иштирок этган шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова олийгоҳнинг илк қалдирғоч битирувчиларини ушбу унутилмас кун билан муборакбод этди. Уларни келгусидаги ўқиш ва ишларида улкан муваффақият ва омадлар тилади.
Ушбу ўқув йилиди 423 нафар ёшлар ўқишни тамомлади. Уларнинг 20 нафари имтиёзли дипломларни қўлга киритишди. Бу албатта ёшларга келгусида олдиларига улкан мақсадларни қўйиш ва уни амалга оширишга куч бағишлайди.
Эътироф этиш жоизки, давлатимиз ва Президентимиз эътиборида бўлган ёшлар учун яратиб берилган кенг имкониятлар туфайли филиал талаба-ёшлари ҳам вилоят, республика ва халқаро миқёсда қатор ютуқларга эришдилар. Кўплаб стипендияларининг совриндорлари бўлдилар.
Талабалар, яратилган имкониятлар учун, ўз соҳаларининг етук мутахассилари даражасига етишлари йўлида уларга илм берган устозларига самимий миннатдорчиликларини изҳор этдилар.
Бугунги тадбир айниқса, етуклик даражасига эришиб, янги ҳаёт сари қадам босаётган фарзанднинг қувончига шерик бўлаётган ота-оналар учун унутилмас бўлди. Улар бунга сабабчи бўлган устоз ва мураббийларга ўзларининг дил изҳорларини бидирдилар.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган ажойиб куй ва қўшиқлар тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Биз ҳам филиал ёшларининг йиллар давомида эгаллаган билимларини эл-юрт равнақи йўлида сарф қилиб, мамлакатимиз ривожида ҳисса қўшишдан ҳеч толмасликни, келгусидаги ишларида омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Ҳилола Эргашева.









