ИНСОНЛАРНИНГ ОҒИРИНИ ЕНГИЛ ҚИЛИШ ДЕПУТАТ УЧУН МУҲИМ ИШ КЎРСАТКИЧИДИР
Депутатлар зиммасида сайловчилар билан доимий ишлаш, таклифлар, фикрлар бериш, одамларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга ечим топишга кўмаклашиш каби вазифалар бор. Ишонч билдириб сайлаган инсонларнинг оғирини енгил қилиш депутат учун энг муҳим иш кўрсаткичидир.

Шу мақсадда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловчилар билан учрашиб ҳисобот беришлари давомида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳам ўрганмоқдалар. Жумладан, шаҳар Кенгаши депутати Жамшид Носировнинг “Гўзалкент” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилари билан ўтказган очиқ мулоқотида муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида депутат аҳоли томонидан ўртага ташланган муаммолар ечими, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини оширишдаги саъй-ҳаракатлар натижаси ҳақида ҳисобот берди.

Шундан сўнг маҳалла фуқаролари томонидан бир қатор муаммолар айтиб ўтилди. Хусусан, маҳаллада болалар майдончаси ташкил қилиш, йўлларнинг ҳолати, маҳалла ички кўчаларида автомобиллар қатновини тартибга солиш, маҳалладаги ижтимоий инфратузилмани яхшилаш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, фуқаролар томонидан имконияти чекланган фарзандини тил ўрганиш тўгаракларига жалб қилиш, ногиронлик аравачаси олиш, соғлигини тиклаш учун дори-дармонлар олишда ёрдам қилиш ва бошқа шу каби масалалардаги мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди.

Депутат ҳар бир мурожаатни тинглаб, айрим масалалар жойида ҳал этилиши юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқаришини маълум қилди. Қолган масалалар Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши қошидаги доимий комиссия йиғилишлари ҳамда сессия муҳокамаларига киритилишини билдирди.

Учрашув сўнггида маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.









