ЧЎМИЛИШ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИНГ!
Ёз фаслида сув ҳавзалари, кўллар, ариқ ва каналлар одатдагидек чўмилувчилар билан анча гавжум бўлади. Айниқса, бундай жойлар мактаб, лицей ва коллежлардан таътилга чиққан болалар ва ўсмирларнинг севимли масканига айланади. Шунга кўра айни кунларда Каттақўрғон шаҳрида ҳам рухсат этилмаган ва тақиқланган жойларда (дарё, канал, ариқ ва сув ҳавзаларида) чўмилишни тақиқлаш борасидаги профилактик тадбирлар кучайтирилмоқда.
Рухсат этилмаган ва тақиқланган жойларда чўмилишнинг салбий оқибатлари билан боғлиқ ҳодисалар, асосан аҳоли ўртасида чўмилиш қоидаларига амал қилмаслик, болаларнинг назоратсиз қолдирилганлиги ҳамда жойларда тарғибот ишларининг етарлича олиб борилмаслиги натижасида вужудга келади.
Шаҳримизнинг чиқиш ва Нарпай каналларида айниқса, Каттақўрғон сув омбори ва бошқа сув ҳавзаларда аҳоли (ота-оналар) томонидан ёш болаларнинг қаровсиз ва эътиборсиз қолдиришлари, каналлардаги сувнинг ҳарорати доимий пастлиги, сув оқимининг тезлиги, маданият ва истироҳат боғларида болаларнинг ўз ихтиёрига ташлаб қўйилганлиги, каналлар қирғоқларида ўрта ёшдаги фуқароларнинг спиртли ичимликларни истеъмол қилиб, сергакликларини йўқотиб қўйишлари, шаҳар ва туманлардан келган абитуриент ва талабалар томонидан чўмилиш тақиқланган жойларда чўмилишлари ва бошқалардир. Натижада жойларда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ва огоҳлантириш ишларига қарамай, чўмилиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ҳамда бахтсиз ҳодисалар учраб турмоқда.
Тавсиялар:Мактаб директорлари ўқувчи-ёшларга чўмилиш тақиқланган жойларда чўмилмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб бориши лозим. Маҳаллаларда маҳалла раислари ва фаоллари, шунингдек Ёшлар етакчилари ҳамда ҳоким ёрдамчилари ёрдамида чўмилиш тақиқланган жойларда чўмилмаслик бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, ёшларни алоҳида назоратга олиш, ёшлар ва ота-оналари билан йиғилишлар ўтказиш зарур. Бозорлар ва аҳоли гавжум жойларда тақиқланган жойларда чўмилмаслик бўйича баннерлар илиш тавсия этилади.
Сардор САМАТОВ,
шаҳар ФВБ Тезкор бўлинмаси бошлиғи.










