Биринчи сменада тушган бир қатор тестлар тарқалиб кетиши ортидан улар қолган ўқувчиларга ёдлатилгани ва ўша саволлар иккинчи сменада ҳам такрорлангани айтилмоқда. Масъул агентлик буни рад этди. Фаоллар агентликдан исбот тақдим этишни, бошқа масъуллардан эса мустақил текширув ўтказишни талаб қилмоқда.
Фото: Kun.uz
15 июл куни Ўзбекистон бўйлаб президент мактабларига қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Бу босқич математика бўйича 30 та тест топшириғидан иборат.
Имтиҳонлар кун давомида учта сменада – 08:00, 12:00 ва 17:00 да ташкил этилди. Ижтимоий тармоқларда, 1-сменада фойдаланилган тест топшириқлари 2-сменада ҳам айнан такрорлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Таълим эксперти Комил Жалиловнинг ёзишича, тестларнинг такрорлангани натижасида ўқувчиларни президент мактабларига тайёрлаш билан шуғулланадиган марказлар 1-сменадан чиққан ўқувчилардан тестлар ҳақидаги маълумотларни йиғиб олиб, 2-сменада кирадиган ўқувчиларига ёдлатгани иддао қилинмоқда.
15 июл куни туш вақтидан бошлаб айрим Telegram-каналларда шу кунги 1-смена имтиҳонида тушгани айтилган тестлар тарқалди. Комил Жалилов расмийлардан бу иддаоларга аниқлик киритишни сўради.
“Мустақил текширув керак”
Иқтисодчи Отабек Бакиров имтиҳонлар жараёнини четдан туриб кузатгани, саволлар такрорлангани ҳақидаги хабарлардан ота сифатида ташвишда эканини таъкидлади. У агентлик баёнотини рад этиб, биринчи сменада берилган саволлар иккинчи сменада ҳам такрорлангани бўйича учта мисол келтирди:
“Ким ёлғон гапираётганини ва нима учунлигини ўрганиш қийин эмас. Мустақил текширув ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларнинг ўрганишлари кифоя қилади”, – дейди иқтисодчи.
Бакиров иқтидорли болаларнинг шу ёшидаёқ адолатсизликни ўз бошидан ўтказиши қандай оқибатлар яратишидан хавотир билдирди.
“Биринчи сменадаги тестларнинг уч соатдан кейин бошланган иккинчи сменада ҳам ишлатилгани нафақат имтиҳон репутациясига, шаффофлик ва адолат принципларига соя солади, балки ўн минглаб ота-оналарда қонунчилик нормалари бузилиши ва коррупцион лазейкалардан фойдаланиш юз берган бўлишига оид шубҳалар яратади”, – дея ёзди жамоатчилик фаоли.
Агентликдан ўз баёнотини исботлаш сўралди
Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигидан тестларнинг валидлиги бўйича маълумотларни очиқлашни сўрамоқда.
“Табиийки, барча тест материаллари агентлик ихтиёрида бўлган шароитда агентлик баёнотини мустақил тасдиқлаш ёки рад қилиш анча қийин бўлади. Лекин олдинроқ қўйилган 2-3 саволларга жавобни баёнотда кўрмадим: 1-2-сменаларда тест топширганларнинг баллари тақсимоти, ўртача баллари, мода ва медианалари, шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган тест топшириқларига берилган тўғри жавоблар кўрсаткичи очиқланмаган (қайтараман, бундай маълумотлар сир ҳисобланмайди, тест натижаларининг валидлигини исботлаш мақсадида улар очиқланади – бундай маълумотлардан тест топширувчиларнинг шахсини аниқлаш мумкин эмас).
Бундай статистик маълумотлар очиқланса, улар асосида ҳам агентлик баёнотининг тўғрилиги (ёки аксинча, нотўғрилиги) ҳақида муайян хулосалар чиқариш мумкин бўлади. Демак, бу маълумотларни кутиб қоламиз”, – дейди Жалилов.
Кэмбриж экспертлари билан ҳамкорлик ҳақиқатан давом этяптими?
Агентлик баёнотида тест топшириқларини Cambridge Аssesment International Education ташкилоти тузгани айтилган. Унга кўра, томонларнинг шартномасига асосан, ташкилот тестларни Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларидаги ўқув дастурлари асосида тузган. Натижалар ҳамм Кэмбриж мутахассислари томонидан баҳоланади ва ташкилот расмий сайтида эълон қилинади.
Таълим эксперти Комил Жалилов эса ўз каналида Cambridge Аssesment ташкилотининг кириш имтиҳонлари билан шуғулланадиган бўлими – Admissions Testing томонидан юборилган бир хатни келтирди. 2023 йил 11 май санаси қўйилган хатда Cambridge Assesment бундан буён Ўзбекистонда президент мактабларига кириш имтиҳонлари жараёнида иштирок этмаслиги ёзилган. Яъни Cambridge Assesment ташкилотининг хати ва агентлик баёноти бир-бирига зид келмоқда.
“Бу борада Cambridge Assessment ташкилотининг ўзи ҳам баёнот берса, мақсадга мувофиқ бўлар эди, менимча”, – дейди эксперт.
Айни пайтда бир неча жамоатчилик вакиллари Cambridge Assessment International Education сайти орқали масалага ойдинлик киритишни сўраб мурожаат юбормоқда.
4-синфни тугатган ўқувчиларга юқори синфлар учун мўлжалланган саволлар берилади
Юқоридагилардан ташқари, Комил Жалилов президент мактабларига кириш тестларидаги яна айрим жиҳатларга эътибор қаратди. Унинг айтишича, тестлардаги айрим саволлар синфлар кесимида олиб қараганда юқорироқ синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Натижада бу топшириқларни репетиторга бормаган 4-синф ўқувчилари еча олмайди.
“Бу муаммо анчадан бери ечилмай келади. Конкурс катталиги сабабли, имтиҳон масалалари дастур доирасидан чиқиб кетиш ҳоллари ҳали ҳам учраб турибди. Тузиладиган масалалар дастур доирасида чуқурлашиш ўрнига, дастур доирасидан чиқиш, яъни кенгайиш асосида танланмоқда. Бу ҳолат ўқувчиларнинг кейинги синфларда ўқишига ҳам таъсир қилиши мумкин.
4-синф ўқувчиси бу (имтиҳонга киритилган бундай масалаларни ечиш учун керакли тушунчаларни) «ҳазм» қила олмайди. Репетиторликнинг ёмон томони шундаки, бола шунчаки алгоритмни бажаришга ўргатилади. «Нега?» деган саволга жавоб берилмайди, яъни бола тушунмай амални бажаради. Бундай ёдлашга қурилган билим бу – математика дегани эмас. Репетиторда шуғулланган боланинг билим ва кўникмалари шу боис мустаҳкам бўлмайди. Вақт ўтиши билан улар унутилади. Ҳақиқий математик билим ва кўникма бу – тушуниш, мулоҳаза юритиш, танқидий ва ижодий фикрлашга қурилиши лозим”, – дея сўзини якунлайди Жалилов.
Эслатиб ўтамиз, 15 июл санасида президент таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бўлиб, унда сараланган 480 нафар ўқувчи кейинги, бир сменали якуний имтиҳонда иштирок этади.