Президентликка номзоднинг айтишича, ўқитувчиларга малака сертификатини бериш тизимига ўтилади ва 2030 йилгача муаллимларнинг ойлик маоши 2 баробар кўпайтирилади.
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев бухоролик сайловчилар билан учрашувда таълим соҳасига оид режаларини маълум қилди.
“Энди муаллимларнинг нафақат билими, балки малака ва маҳоратини ҳам баҳолаб, малака сертификатини бериш тизими жорий этилади. Умуман, келгуси етти йилда муаллимларнинг ойлик маоши 2 карра оширилади”
Мирзиёев ўқитувчилар ҳақида қуйидагиларни ҳам айтиб ўтди:
- педагогика олийгоҳларининг ўқув дастурлари ҳам, Президент мактабларидаги ўқитиш ва баҳолаш услубларига мослаштирилади;
- малака сертификатини олган ўқитувчига ҳозирги 40 фоиздан 70 фоизга оширилган қўшимча ҳақ тўланади;
- илғор технологияларни биладиган, дарс бериш ва ўқувчилар билимини баҳолашда янгича ёндашадиган муаллимлар қўллаб-қувватланади.
Давлат раҳбари ўқитувчиларнинг иш юкламаси камайтирилишини айтди.
“Муаллимларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида, уларнинг кўп йиллик иш стажи учун илк бор устама ҳақи тўлаш тизими жорий этилади. Бошланғич синф ўқитувчиларининг ҳафталик юкламаси 18 соатдан 16 соатга, юқори синф ўқитувчилариники 20 соатдан 18 соатга туширилади. Бу орқали, тўлиқ ставкада ишламаётган жами 150 минг нафар муаллимнинг ойлиги ўртача 30 фоизга оширилади.
Ўқитувчиларга ҳар йили сиҳатгоҳларда соғлиғини тиклаши учун имтиёзли йўлланмалар берилади. Шунингдек, ҳар йили 1 минг нафар муаллим стажировка ўташ учун хорижга юборилади”
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев бир қатор чиқишларида ўқитувчилар нуфузини ошириш ва уларнинг моддий таъминотини яхшилашни устувор вазифа деб билишини таъкидлаган. Хусусан, давлат раҳбари 2021 йил 6 ноябр куни иккинчи президентлик муддатига киришиш вақтидаги инаугурация нутқида олий тоифали ўқитувчи ва шифокорларнинг маошини 5 йил ичида минг долларга етказиш чоралари кўрилишини маълум қилган.